Қадрли ва азиз халқим! - Ортиқхўжаев халқни “Tashkent city”га таклиф қилди

Жамият 7469

Аввал хабар қилганимиздек, 2018 йилда қурилиши бошланган “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик марказининг илк объектлари – Конгресс холл ва “Hilton” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Эртадан тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари “Tashkent city”га келиб, боғда ҳордиқ чиқаришлари мумкин бўлади. 

Бугун  Конгресс холл ва “Hilton” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилиши муносабати билан зиёфат уюштирилган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса ушбу зиёфатда "Қадрли ва азиз халқим", дея халқига юзланган. Жумладан, у шундай дейди:

"Қадрли ва азиз халқим! Бугун “Tashkent city” очилиш кунида ўтирибмиз. Ҳаммангизни эртадан бошлаб “Tashkent city”га келишингизни, паркини кўриб, ҳордиқ чиқаришингизни, оилангиз билан мазза қилиб Тошкентимизнинг яна бир бор кейинги "этап"да ютуғимизни кўришингизни тилаб қоламиз. Таклиф қиламиз! 

Бу халқимиз учун, бу жой миллатимиз учун. Илоҳим, миллатимизга ушбу жой буюрсин! Халқимиз келиб, яйрасин. Фарзандлари билан ўйнаб-кулсин. Ҳаммаси халқимиз, Ўзбекистон халқи учун ва азиз, меҳрибон миллатимиз учун".

Маълумот ўрнида, Конгресс холлнинг умумий майдони 43 минг квадрат метр бўлиб, унда йирик халқаро анжуманлар, олий даражадаги музокаралар ўтказиш учун барча шароит яратилган. Биринчи қават марказида 3,5 минг иштирокчига мўлжалланган конференциялар зали бор. Заруратга қараб, у икки ёки тўртга бўлиниши ҳам мумкин.

Халқаро саммитлар вақтида икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун хоналар, ресторан, кичик концерт зали, дам олиш жойлари меҳмонларга кенг қулайлик яратади. Иккинчи қаватда қўшимча заллар жойлашган. 
Давлат раҳбари Конгресс холлнинг ҳар бир залини кириб кўрди.

Беш юлдузли “Hilton” меҳмонхонаси нафақат ушбу марказ, балки бутун пойтахтимизга кўрк бўлди. 21 қаватли бинода 258 та номер мавжуд. Шулардан 8 таси давлат раҳбарлари учун мўлжалланган. Пардозлаш ва жиҳозлашда иссиқ ранглар кўп қўлланилгани кишига хуш кайфият бағишлайди. Барча замонавий меҳмонхоналарда бўлганидек, отелда бир нечта ресторан, бассейн, спорт зал, спа ва бошқа салонлар бор.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 147
Рейтинг: 3
t
×
×