Қабрлар атрофини тўсиқлар билан ўраш тақиқланиши мумкин

Жамият

image

Қабристонларда қабрлар атрофини тўсиқлар билан ўраб қўйиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгиланган.

Агарда мазкур ҳужжат лойиҳаси амалиётга татбиқ этилса, қабрлар атрофини металл ва бошқа тўсиқлар (ўсимликлардан иборат яшил тўсиқлардан ташқари) билан ўраб олиш тақиқланади. Шу билан бирга, қўшни қабрлар ҳудудларини ва бўш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўйилмайди.

Лойиҳага кўра, шунингдек қарор билан тасдиқланган Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомга бир нечта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

•    Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари (фуқаролик хизмати кўрсатиш бошқармалари) ва қабристонларнинг маъмуриятининг вазифалари бўйича тегишли ўзгартириш киритилмоқда;

•    янги қабристонларни барпо этиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ қабристонлар ташкил этиш учун ер участкаси ажратиш тўғрисида қабул қилинган қарорига асосан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан амалга оширилиши белгиланмоқда;

•    дафн этишга рухсатни қабристон мудири (назоратчиси) тиббиёт муассасаси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган ўлим ҳақидаги маълумотнома ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан берилган, ўлим тўғрисида белгиланган шаклдаги тегишли ҳужжатлар тақдим этилганидан кейингина берилишига доир ўзгартириш киритилмоқда;

•    хайр-эҳсонларни йиғиш, ҳисобга олиш ва улардан мақсадли фойдаланишни ташкил этиш чоралари белгиланмоқда.

Ҳужжат муҳокамаси жорий йилнинг 1 октябрига қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

қабристон қабр

Баҳолаганлар

236

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг