“Бахти Ташкентский” нинг ўғиллари ҳам қўлга олинди
3-саҳифа
−
25 Декабрь 2023
14952Сўнгги вақтларда суҳбатларнинг асосий мавзусига айланган “ушла-ушла”лар ҳали ҳам давом этмоқда. Ушбу тадбирлар давомида юзлаб одамлар ушланди, яна ўнлаб шахслар қидирувга берилди.
Жумладан, “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида пойтахт Тошкентда қўлга олинган олти кишининг орасида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаевнинг икки нафар ўғли ҳам бор.
Улардан бири, 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (Товламачилик) билан айбланиб, қўлга олинган.
Шунингдек, ҳибсланганлар рўйхатидаги 1994 йилда туғилган Бегзод Бахтиёрович Зафаров ҳам “Бахти Ташкентский”нинг ўғли экани айтиляпти. У Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан айбланмоқда.
Шунингдек, Тошкентда давом этаётган жиноий оламга кураш тадбирларида биринчи марта аёл киши қўлга олинди. У 1983 йилда туғилган Наргиза Рустамовна Жуманиязова. Аёл Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.
Бундан ташқари, қамоққа олинганлар орасида Жаҳонгир Бадалов, Шерали Сулаймонқулов, Акмалжон Турсунбоевлар ҳам бор. Улар 165 модданинг 2- ёки 3-бандлари билан қўлга олинган.
Шунингдек, пойтахтда давом этаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида яна саккиз киши қўлга олинди. Жумладан, Юлдошев Дониёр, Алимов Фазлиддин, Қуватов Шавкат, Тулаганов Нуриддин, Сотволдиев Илхом, Юнусов Дониёр, Эркинов Бахтиёр, Махмудов Умид исмли шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ёдингизда бўлса, 18 декабрь куни оғир ва ўта оғир жиноят содир этишда гумонланаётган 3 нафар шахс қочиб кетганди. Орадан бир кун ўтиб қидирилаётганлардан икки нафари Рустам Умаров ва Тоҳиржон Паттаев ушланган. Аммо 3 шахсни топиш кўпроқ вақт олди. Шу сабабли учинчи жиноятчини топган одамга 40 млн сўм мукофот эълон қилинган эди. 24 декабрь санасига келиб, ушбу жиноятчи, Акромжон Абдуллаев ҳам топилган. Маълум бўлишича, у Тошкент тумани Оқтом қишлоғи ҳудудида қамишлар орасида бекиниб ётган жойида қўлга олинган.
Шунга қарамай, ҳозир ҳам 4 нафар шахс қидирилмоқда. Билдирилишича, улар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан айбланган.
Билдирилишича, Дониёр Мамажонов, Абдулла Муҳамедов, Жамшид Солиев ва Ҳусан Исамитдинов жиноят содир этиб, яширингани аниқланган ва уларга нисбатан қидирув жорий қилинган.
Маълумот учун, шу вақтга қадар “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратиллаев, “Саидазиз медгородок”, “Бузрук”, “Завхоз”, “Зики эски шаҳар” каби ўзини "кўча болалари" сифатида намоён қилишга уринган йигитлар қўлга олинган. Бундан ташқари, Дилшод Шарипов, Анвар Мирзахоновларнинг ушлангани ҳақида ҳам расмий хабар берилди. Уларга нисбатан бошланган тергов иши ҳали ҳам давом этмоқда. Айни вақтдаги вазият ҳақида ҳали қўшимча маълумотлар берилганича йўқ.