Июлгача Украина 6 та F-16 қирувчи самолётини олади – NYT
Олам
−
11 Март
6330Ёз ўрталарига келиб, 12 нафар украиналик учувчи Дания, Буюк Британия ва АҚШда бўлган 10 ойлик машғулотлардан сўнг F-16 қирувчи самолётларида жанговар миссияларни бажаришга тайёр бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, улар фронт чизиғига қайтгунга қадар Украина Европа иттифоқчилари ваъда қилган 45 та самолётдан фақат олтитасини олади. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, кечикишлар сабаблари Украина парвоз ходимларини узоқ муддатли ўқитиш жараёни билан боғлиқ. Стандарт F-16 машғулотлари билан солиштирганда, украиналик учувчиларни тайёрлаш "чақмоқ тезлигида" содир бўлганига қарамай, ҳали ҳам Украинанинг иттифоқчилари у кутганидек тез ҳаракат қилмаяпти.
Нашр эслатишича, бу қирувчи самолётлардан самарали фойдаланиш учун совет самолётларида учишга ўргатилган учувчилар аввал инглиз тилини пухта эгаллаши ва Ғарб парвоз технологияларини ўрганиши керак эди.
Бундан ташқари, Вашингтон узоқ вақт давомида Киевга қирувчи самолётларни юборишга рози бўлмади. АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятининг таъкидлашича, F-16 самолётлари фронтдаги вазиятни ўзгартира олмайди, чунки уларни бошқаришни ўқитиш йиллар талаб қилиши мумкин.
Айтиш жоизки, украиналик учувчиларни тайёрлаш Дания жанубидаги Скридструп авиабазасида 2023 йил август ойида бошланган бўлиб, у ерда ҳарбийлар қўшимча равишда 50 га яқин техник самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, қурол тўпламлари билан ишлаш бўйича ўқитилмоқда.
“Техникларни ўқитиш қўшимча кечикишларга олиб келиши мумкин, чунки битта F-16 га техник хизмат кўрсатиш учун 8-14 киши керак бўлади. Қирувчи самолётларга хизмат кўрсатиш учун етарли экипажлар бўлмагунча, Ғарб пудратчилари самолётларни Украинага кузатиб боришлари керак. Бундан ташқари, Украинанинг эскирган ва урушда шикастланган учиш-қўниш йўлакларини таъмирлаш зарурати F-16 нинг фронтга жойлаштирилишини янада кечиктириши мумкин”, деб ёзади NYT.
Маълумот учун, Дания, Нидерландия, Норвегия ва Бельгия Украинага учта кичик эскадрилья учун етарли бўлган 45 га яқин қирувчи самолёт жўнатишга ваъда берган. Дания биринчи олтита F-16 самолётини баҳор охирида юборади, яна 13 таси йил охиригача ва 2025 йилда етиб бориши керак. Бошқа мамлакатлар етказиб бериш саналари ҳақида ҳали қарор қилмаган.
LiveБарчаси