ИЦМда Усмон Қуръонини сақлаш учун биллур павильон қуриш таклиф қилинди

Жамият

image

Ўзбекистонда сақланаётган нодир қўлёзма – Усмон Қуръони, шунингдек, марказий заллардаги авизоларни жойлаштириш учун Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказида биллур павильон қурилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун катта маданий ва маърифий аҳамиятга эга ноёб бино барпо этиш мақсадида Ислом цивилизацияси маркази қурилиши бошлаб юборилган эди. 

Қарийб 10 гектар майдонда бунёд этилаётган ушбу марказдан музей ва кўргазма заллари, кутубхона ва архив, компьютер ва ахборот технологиялари хоналари, қўлёзмалар, хаттотлик бўлимлари, исломий меросни сақлаш, тадқиқотлар ва ишланмалар, халқаро ҳамкорлик ва чет тилларни ўрганиш бўлими, қўлёзмаларни тиклаш лабораторияси ҳам ўрин олади. 

Марказ дунёда энг катта қадимий қўлёзмалар, литографик китоблар, тарихий ҳужжатлар, Ўзбекистонда ва чет элларда сақланадиган дин ва таълимга оид нашрлар, шунингдек, 100 мингдан ошиқ китоб ва қўлёзмани жамлаган кутубхонага эга бўлади.

Марказни яратиш жараёнида илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси ушбу соҳага кенг билим, амалий тажриба ва техник имкониятларга эга етакчи Италия компанияларини лойиҳада иштирок этишга жалб қилиш бўйича иш олиб борди.

Хусусан, Италия ва Европанинг шиша ва биллурларидан йирик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ихтисослашган “iDogi” компанияси, табиий мармар ишлаб чиқариш ва ўрнатишга ихтисослашган "Margraf" компанияси, шиша ва ёритиш буюмлари бўйича танилган "Lasvit" бренди, архитектура ва интерьер дизайни бўйича юқори тажрибага эга GTArchitects компанияси ва Novello Giardini ландшафт дизайни компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Уларнинг вакиллари бир неча маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрган ва дунёда ўхшаши бўлмаган Ислом цивилизацияси марказини қуришга қаратилган эксклюзив таклифларни тақдим этган. 

Карантин чекловларини инобатга олган ҳолда ва ушбу лойиҳа бўйича мулоқотни давом эттириш учун Ўзбекистоннинг Римдаги дипломатик ваколатхонаси Иатлиянинг “iDogi” компанияси билан Ўзбекистон қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар маъмурияти, ИЦМ дирекцияси ва "Trest 12" қурилиш компанияси раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида видеоконференция ўтказилган.

Конференция давомида “iDogi” бош директори Доменико Каминити ва махсус лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича менежер Сильвия Форментин компаниянинг батафсил тақдимотини тайёр маҳсулотларнинг энг яхши намуналари галереясида виртуал ташриф буюриш билан бир қаторда компаниянинг ИЦМ бўйича таклифларини тақдим этган.

“IDogi” 1968 йилда Венеция (Италия) шаҳрида ташкил этилган. У бадиий қандиллар, фавворалар, балустрадлар, қўлда ишланган Мурано(Венеция) ойнасидан стол ва стуллар, шунингдек, қадимий анъаналарга мувофиқ, биллур ишлаб чиқаради.   

Суюқ ойнага солинган ва ярим қимматбаҳо тошлар билан қопланган олтин баргли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ноёб усулларидан фойдаланади. Компания АҚШ, Буюк Британия, Қувайт, БАА, Қатар ва Россияни ўз ичига олган дунёдаги кўплаб таниқли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

"iDogi" асл Усмон Қуръонини, шунингдек, марказий заллардаги авизоларни жойлаштириш учун ИЦМ да биллур павильон яратишни таклиф қилган. Павильон ва авизалар эксклюзив дизайни бўйича худди шу услубда биллурдан, шарқона нақшли венеция ойнасидан, малахит ва лапис лазули билан безатилади.

Онлайн учрашув иштирокчилари Тошкентда барпо этилаётган ИЦМ учун “iDogi” маҳсулотларининг бадиий услуби, ранглари ва параметрларини биргаликда кўриб чиқиш ва келишиш учун маълумот ва материаллар алмашишни келишиб олдилар. Ўзбекистон ва Италияда карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг республикага жалб қилинган ташкилотлар ва италия компанияси вакиллари делегацияларининг ташрифлари алмашинуви бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом цивилизацияси маркази Усмон Қуръони

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг