Италияда Янги йил муносабати билан локдаун эълон қилинади
Олам
−
19 Декабрь 2020
3329Италия Ҳукумати коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чораларини кучайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Жузеппе Конте маълум қилган.
Мамлакатда Янги йил ва Рождество байрамлари учун локдаун эълон қилинади. Чекловлар жорий йилнинг 24 декабридан 2021 йилнинг 6 январигача амал қилади.
Қабул қилинган фармонга биноан, ушбу вақт мобайнида Италиядаги дўконлар ёпилади. Озиқ-овқат супермаркетлари, дорихоналар ва зарур маҳсулотларга эга дўконлар бундан мустасно. Барлар ва ресторанларда фақат олиб кетиш хизмати амалда бўлади.
Ҳудудлар ўртасида ҳаракатланиш тақиқланади. Аҳоли ўртасида меҳмондорчиликка рухсат берилади. Аммо уйдан фақат икки киши, бир кунда бир марта чиқишига рухсат берилади.
Бош вазир, шунингдек, 27 декабрдан Италияда коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланишини маълум қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда коронавирусга чалинганлар сони 1,92 млндан ошган. 67 минг 894 нафар бемор вафот этган.