Италияда сайёҳлик автобуси дарёга тушиб кетди. Қурбон бор (видео)
Олам
−
27 Март
4469Италиянинг Турин шаҳридаги Витторио Венето майдони яқинида сайёҳлик автобуси По дарёсига тушиб кетди. Транспорт воситаси деворни бузиб ўтиб, дарёга қулаган ва қисман сув остига чўккан. Бу ҳақда “la Republica” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, автобусда фақат ҳайдовчи бўлган ва у ҳушсиз ҳолда қутқариб олинган. Шифокорларнинг узоқ давом этган ҳаракатларига қарамай, у вафот этган. Ҳодиса жойига қутқарувчилар, жумладан вертолёт экипажи етиб борган. Воқеа вақтида бошқа йўловчилар ёки пиёдалар жабрланган бўлиши мумкинлиги боис қидирув ишлари олиб борилган, бироқ ҳеч ким топилмаган.
Бахтсиз ҳодиса шаҳарнинг тарихий марказига яқин Мураззи ҳудудида содир бўлган. Cампобассо шаҳридаги Di Carlo Tour хусусий компаниясига тегишли автобус орқага ҳаракатланаётган пайтда бахтсиз ҳодисага учраган. 63 ёшли ҳайдовчи Никола Ди Карло нотўғри йўлдан кетгани ёки ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли орқага ҳаракат қилгани тахмин қилинмоқда. Автобус ҳаракат давомида уч нафар аёлни уриб кетган, аммо улар жиддий жароҳат олмаган, фақат енгил лат еган ва шифохонага олиб кетилган.
Билдирилишича, воқеа жойига Турин шаҳри мэри Стефано Ло Руссо ва шаҳар полицияси бошлиғи Роберто Маньяарди келган. Ҳодиса юзасидан расмий тергов очилган. Ҳозирча ишни Турин шаҳар полицияси олиб бормоқда. Ўт ўчирувчилар автобусни сувдан чиқариши билан у мусодара қилинади ва техник экспертиза бошланади. Биринчи навбатда тормоз тизими текширилади. Кейинги тергов ишлари ҳайдовчининг ўлим сабабларини аниқлаш ва тўқнашув пайтида у айнан қаерда бўлганини аниқлашга қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилияда талабаларни олиб кетаётган автобуснинг юк машинаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган эди. Ушбу бахтсиз ҳодиса мамлакатнинг Сан-Паулу шаҳрида юз берган. Тўқнашув юк машинаси ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиб қўйиши туфайли содир бўлган. Эркак воқеа жойидан қочиб, полициячилардан яширинган. Кейинроқ ҳибсга олиниб, шифохонага олиб кетилган.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель