Италияда мотам куни эълон қилинди
Олам
−
23 Сентябрь 2023
9295Италиянинг 11-президенти Жоржио Наполитано 2023 йил 22 сентябрь куни Римдаги Салватор Мунди клиникасида 98 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Италия Депутатлар палатасининг собиқ спикери Пер Фердинанд Касини ўзининг расмий саҳифасида маълум қилди.
Эътиборлиси, у давлат раҳбари бўлган биринчи собиқ коммунист эди.
“Президент сифатида у давлатга муносиб хизмат қилган ва ҳаётининг барча босқичларида – биринчи республикадан то ҳозирги кунгача бўлган буюк итальян”, деб ёзган Пер Фердинанд Касини.
“Сиёсий доираларда у ўзининг муҳим таъсири туфайли “қирол Жоржио” деб аталган”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.
Вазирлар кенгаши котиби Альфредо Мантованонинг айтишича, Италия ҳукумати республиканинг собиқ президенти Жоржио Наполитанонинг дафн маросимини алоҳида тартибда ўтказишга қарор қилди. Ҳатто шу куни миллий мотам ҳам эълон қилинади.
Аввалроқ, Республика Сенати президенти Игназио Ла Русса Римдаги миллий парламент юқори палатаси биносида фуқароларнинг дафн маросими бўлиб ўтишини маълум қилганди.
Маълумот учун, Италияда охирги марта давлат миқёсида дафн маросими июнь ойида ўтказилган, ўшанда миллий ҳукуматни тўрт марта бошқарган Сильвио Берлускони 87 ёшида вафот этганди.
Машҳура Имомова
LiveБарчаси