Италияда дунёдаги энг узун осма кўприк қурилади

Олам

image

Жорий йилнинг 6 август куни Италия ҳукумати дунёдаги энг узун осма кўприк қурилиши лойиҳасини маъқуллади. У Сицилия оролини Евроосиё материги билан боғлайди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Мессина бўғозидан ўтувчи кўприкнинг умумий узунлиги қарийб 3,7 километр бўлади, осма қисми эса 3,3 километрни ташкил этади. Бу ҳозирги кунда энг узун бўлган Туркиядаги Чаноққалъа кўпригидан 1 277 метрга узун. Кўприкда ҳар икки йўналишда учта автомобиль йўлаги ва икки қатор темирйўл бўлади. Бу Италияга Қуролли кучларни Сицилияга тезроқ элтишга имкон беради.

Италия Инфратузилма вазири Маттео Сальвинининг сўзларига кўра, қурилиш қиймати 13,5 миллиард еврога баҳоланмоқда. “Politico” наширга кўра, Италия ҳукумати кўприкни стратегик аҳамиятга эга деб кўрсатишга, шунингдек, унинг қурилиш харажатларини НАТО мудофаа харажатларига киритишга ҳаракат қилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойи охирида альянс мамлакатлари мудофаа харажатларининг мақсадли кўрсаткичини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олганди. Шундан 1,5 фоизи кўприк қурилиши каби қўшимча харажатларга тўғри келади.

Бироқ Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакили “Politico”га берган изоҳида ҳозирча бу кўприк ҳарбийларнинг ҳаракатини таъминлаш учун устувор лойиҳа сифатида кўрилмаётганини айтган.

Мессина бўғозининг энг тор жойи қарийб 3 километр бўлиб, уни кўприк орқали боғлаш ғояси Рим империяси давридаёқ пайдо бўлган. Бироқ XIX, XX ва XXI асрлардаги, хусусан, Бенито Муссолини давридаги кўплаб лойиҳалар режа даражасидан нарига ўтмаган. 2005 йилда Сильвио Берлускони ҳукумати лойиҳани қайта тиклашга уринган, бироқ орадан бир йил ўтиб, уни Романо Проди ҳукумати бекор қилган. 2009 йилда Берлускони ҳукумати ишларни яна давом эттирган. “Spiegel” журнали бу лойиҳани “Берлусконининг орзуси” деб атаган, унинг иккинчи бош вазирлик даврида эса “замонавий мўъжизалар”дан бири сифатида тасвирланган. Бироқ 2011 йилги иқтисодий инқироздан сўнг лойиҳа яна тўхтатилган.

Амалдаги Жоржия Мелони ҳукумати эса уни 2023 йилда қайта жонлантирди. Италия расмийлари кўприкка берилган янги “стратегик аҳамиятга эга” мақоми харажатлардан тортиб, сейсмик хатарлар ва аҳолини кўчиришдаги қийинчиликларгача бўлган тўсиқларни енгиб ўтишга ёрдам беришини билдирмоқда.

Қурилишни Панама канали кенгайтиришида иштирок этган Италия компанияси Webuild бошчилигидаги консорциум амалга оширади. Минтақадаги энг муҳим транспорт йўлаги бўлиши кутилаётган кўприк 2032-2033 йилларда очилиши режалаштирилган. Қурилиш эса жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида бошланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди мамлакат шимолидаги Жамму ва Кашмир вилоятида Ченаб дарёси устидаги дунёдаги энг баланд темирйўл кўпригида ҳаракатни очганди. Ҳимолай тоғлари этакларида Ченаб дарёси устида қурилган кўприк узунлиги 1,3 км бўлиб, унинг марказий қисми 467 метр, дарё юзасидан 359 метр баландликда жойлашган бўлиб, у сайёрадаги энг баланд темирйўл кўприги ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Италия энг узун осма кўприк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг