Италия карантинда тўй ўтказиш бўйича Ўзбекистондек йўл тутди
Олам
−
13 Октябрь 2020
6925Италия Вазирлар Кенгаши Апеннин ярим оролида коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган янги чора-тадбирларни маъқуллади.
Ушбу чора-тадбирларни ўз ичига олган Ҳукумат қарори олдин Бош вазир Жузеппе Конте ва Италия минтақалари вакиллари билан муҳокама қилинган.
Манбаларга кўра, бундан буён ресторанлар, пиццериялар ва тратториялар ярим тунга қолмасдан ёпилиши шарт. Қолган умумий овқатланиш жойлари соат 21:00 дан кечиктирилмай ўз ишини тўхтатади.
Бар ва ресторанларга кириш жойларида, истироҳат боғларида, кўча ва майдонларда одамларнинг йиғилиши тақиқланади. Ҳар қандай оммавий тадбир, шу жумладан тўй ва дафн маросимларида 30 тадан ортиқ одам қатнашмаслиги керак.
Мактаблардаги экскурсиялар бекор қилинади, шунингдек, алоқавий спорт турлари тўхтатилади.
Таъкидланишича, юқоридаги чоралар 30 кун давомида амалда бўлади.
Маълумот учун, 7 октябрда Италия Вазирлар Кенгаши СОVID-19 пандемияси билан боғлиқ фавқулодда режимни 2021 йилнинг 31 январигача узайтирган. Мамлакатда тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлиб қолмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда коронавирус инфекциясини юқтирганлар 360 мингдан ошган. 241 минг одам соғайиб кетган. Қурбонлар 36 205 нафарни ташкил этмоқда.
Дунёда коронавирусга чалинганлар сони 38 миллиондан ошган. 1 миллиондан ортиқ одам касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.
LiveБарчаси