Италия қирғоғида 30 га яқин муҳожир бедарак йўқолди
Олам
−
07 Август 2023
2235Кеча, 6 август куни Италиянинг жанубий Лампедуза ороли қирғоқларида иккита кеманинг ҳалокати оқибатида 30 га яқин одамнинг бедарак йўқолгани маълум бўлди. Бу ҳақда мамлакат Қўриқлаш хизмати маълумотларига таяниб, “Deutsche Wеllе” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирча бир аёл ва бир боланинг жасади топилган ҳамда 57 киши қутқарилган. Тахминларга кўра, муҳожирлар бўлган бу икки кема Туниснинг Сфакс шаҳридан жўнаб кетган. Биринчи кемада 48 киши, иккинчисида эса 42 киши бўлган.
Шунингдек, жорий йилнинг 5 август куни кечқурун Лампедуза ороли яқинида яна бир қайиқ қояларга урилиб вайрон бўлган. Қояга чиқиб, омон қолган 34 нафар муҳожир эса ҳаво орқали қутқарилган.
Италия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил бошидан буён мамлакатга денгиз орқали деярли 92 минг ноқонуний мигрант кириб келган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 43 мингга яқинни ташкил этгани айтилмоқда. Қочқинлар Тунис ва Ливиядан Ўрта ер денгизи орқали жанубий Италия ва Мальтага ўтган. Уларнинг аксарияти яроқсиз кемалардан фойдалангани учун сувда чўкиб, ҳалок бўлган. Апрель ойида Италия ҳукумати муҳожирлар оқимининг кўплиги сабабли мамлакатда олти ой муддатлик фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.
LiveБарчаси