Ит ва мушуклар эгалари диққатига! Сиз уй ҳайвонларини асраш қоидалари билан танишмисиз?

Фойдали

image

Уй ҳайвонлари эгаларининг ҳаммалари ҳам бу масалага жиддий қарашмайди. Ит ва мушук боқиш қоидалари қонунчилик билан аниқ белгиланган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил 8-июлдаги 202-сон Қарорида акс этган.

Сиз учун уларни тақдим этамиз.

1. Ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни (хизмат итлари бундан мустасно) сақлаш тартибини белгилайди ҳамда итлар ва мушукларнинг барча эгалари, шу жумладан юридик шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Итларни рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва вакцинация қилиш

2. Аҳоли пунктларида итлар рўйхатга олиниши ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт. Бу тегишли ветеринария бўлимлари томонидан амалга оширилади.

3. Рўйхатга олиш итларни дастлабки вакцинация қилишда амалга оширилади. Итларни рўйхатга олишда итларнинг эгаларига белгиланган тартибда итларни рўйхатга олиш гувоҳномаси берилади.

Ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказиш итларни такроран вакцинация қилишда амалга оширилади. Бу ҳақда итларни рўйхатга олиш гувоҳномасига тегишли белги қўйилади.

4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ветеринария бўлимларига итларни қутуришга қарши ўз вақтида вакцинация қилиш учун итларни сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади.

5. Зотидан қатъи назар, 3 ойликдан бошлаб итлар вакцинация қилиниши керак. Янги сотиб олинган итлар, агар улар вакцинация қилинган муддат номаълум бўлса, сотиб олингандан кейин бир ҳафта муддатда вакцинация қилиниши ва рўйхатга олиниши керак.

6. Итларни рўйхатга оладиган ветеринария бўлимлари:

•    вакцинация қилишда харажатлар белгиланган тартибда қопланган ҳолда рўйхатга олиш гувоҳномасини ва жетон шаклидаги рўйхатга олиш белгисини (итнинг бўйинбоғига маҳкамланади) ёки микрочиплар (тери остига киритилади) беришга;

•    итларнинг эгаларини ушбу Қоидалар билан таништиришга мажбур. Бу ит эгасининг итни рўйхатга олиш гувоҳномасига қўйиладиган имзоси билан тасдиқланиши керак.

Итлар ва мушукларни сақлашга нисбатан қўйиладиган талаблар

7. Санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш итлар ва мушукларни сақлашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

8. Барча итлар, зарур ҳолларда эса улар билан бирга сақланадиган бошқа қутуришга мойил ҳайвонлар ҳам уни қўллаш бўйича йўриқномада назарда тутилган тартибда қутуришга қарши эмлаш вакцинаси билан профилактик эмланиши шарт.

9. Кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади.

Алоҳида уйда итларни сақлашга фақат боғланган ҳолда, эркин сайр қилдиришда - атрофи ўралган ҳудудда ажратилган ҳолда сақлашга йўл қўйилади.

10. Итлар очиқ жойларда сайр қилдирилганда ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари — эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак.

11. ҚУЙИДАГИЛАР:

•    итлар ва мушукларни умумий фойдаланиладиган жойларда: зинапоя майдончалари, чердаклар, ертўлаларда, шунингдек ошхоналар, балконлар ва умумфойдаланишдаги пешайвонларда сақлаш;

•    қўриқчи итларни таълим ва тиббиёт муассасаларида сақлаш;

•    итлар ва мушукларни умумий овқатланиш корхоналарига, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа дўконларнинг савдо ва ишлаб чиқариш залларига олиб кириш;

•    итлар ва мушукларни кўпчилик борадиган жойларда (пляж, ҳовуз, фаввораларда ва ҳоказоларда) чўмилтириш ёки ювиш;

•    маст ҳолатдаги шахслар ва 14 ёшдан кичик болаларнинг итларни сайр қилдириши;

•    итлар билан жамоат жойларида бўлиш ва жамоат транспортига чиқиш тақиқланади, ушбу Қоидаларнинг 12 ва 13-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

•    олдини олиш мумкин бўлган итлар ва мушукларнинг ўлишига ёки жароҳатланишига олиб келган итлар ва мушукларни ташлаб кетиш, уларга жароҳат етказиш, уларни қаровсиз ҳолда қолдириш, уларга озор бериш ёки жисмоний ва маънавий азоб бериш, уларга нисбатан бошқа йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатларни содир этиш;

•    итлар ва мушукларни санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларининг рухсатисиз болалар муассасаларининг зоология бурчакларида сақлаш тақиқланади.

12. Итлар очиқ жойларда ёки бунинг учун махсус ажратилган майдонларда сайр қилдирилади, бу ерлар ҳар доим озода сақланиши керак.

Итнинг эгаси ит қочиб кетмаслиги ёки одамлар ёки бошқа ҳайвонларга ҳужум қилмаслиги чораларини кўриши зарур.

Ит бўйинбоғига жетон маҳкамланган ҳолда етовда олиб юриб сайр қилдирилиши керак. Жетонда итнинг лақаби, ит эгасининг манзили, телефон рақами кўрсатилиши керак.

Ит очиқ жойларда сайр қилдирилганда у тумшуқбоғда ва 2 метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида 1 метргача узунликдаги етовда бўлиши керак, тумшуқбоғсиз ва етовсиз фақат махсус ажратилган майдонларда сайр қилдиришга рухсат берилади.

13. Итлар ва мушукларни транспортнинг жамоат транспортидан бошқа барча ер усти турларида олиб юришга рухсат берилади.

Кичик итлар ва мушукларни жамоат транспортида уларнинг соғлиғига хавф солмайдиган ва улар қочиб кета олмайдиган кўчма қурилмаларда, шунингдек йўловчиларнинг хотиржамлиги бузилишини истисно этган шартларга риоя қилган ҳолда олиб юришга рухсат берилади.

14. Кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида етовсиз юрган итлар ва мушуклар ҳатто бўйинбоғи, жетони ва тумшуқбоғи бўлган тақдирда ҳам, уларнинг зоти ва вазифасидан қатъи назар, тутиб олиниши керак.

Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни тутиш одамлар ва ҳайвонларнинг қутуриш ва бошқа зарарли касалликларга чалинишининг олдини олиш, шунингдек одамлар ва ҳайвонларни тишлаб олишини бартараф этиш мақсадида амалга оширилади.

Тутиб олинган итлар, зотидан қатъи назар, 5 кун мобайнида ит тутиш хизматларида сақланади ва ит эгаси мурожаат қилган ва итнинг уники эканлиги (рўйхатга олиш гувоҳномаси, ветеринария гувоҳномаси) тасдиқланган ва сақлаш харажатлари тўланган тақдирда эгасига қайтарилиши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган муддат тамом бўлгандан кейин тутиб олинган, касаллик белгилари бўлмаган зотли итлар сақлаш харажатлари тўлангандан кейин манфаатдор шахсларга берилиши мумкин.

15. Кўчмас мулк эгалари ёки унда хўжалик юритадиган шахслар ўз объектлари ва ҳудудларида қаровсиз қолган ҳайвонлар бўлишига ёки уларни овқатлантиришга йўл қўймасликлари керак. Бундай ҳайвонлар пайдо бўлган тақдирда дарҳол шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими ходимларини чақириш зарур.

16. Ит ва мушукларни сотиб олиш, сотиш, олиб келиш ва олиб кетишга ҳайвоннинг соғлиғи тўғрисида ветеринария ҳужжатлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Итлар ва мушуклар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

17. Ҳар қандай ҳайвон эгасининг мулки ҳисобланади ва ҳар қандай мулк сингари қонун билан муҳофаза қилинади.
18. Ҳайвон эгасидан суднинг қарорига кўра ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича олиб қўйилиши мумкин.

Итнинг эгаси ўз итини етовга боғланган ҳолда ва тумшуқбоғда чекланган вақт мобайнида ёлғиз қолдириш ҳуқуқига эга.

19. Итларнинг эгалари қуйидагиларга мажбур:

•    атрофдаги одамлар ва ҳайвонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўриш;

•    итларнинг қўшнилар тинчлигини бузиб тинимсиз вовиллашига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

•    итлар ва мушукларнинг умумфойдаланишдаги жойларни (кириш жойларини, зинапоя майдончаларини, лифтларни, болалар майдончаларини, йўлкаларни, йўлакларни, кўкаламзорлаштирилган ва ободонлаштирилган ҳудудларни ва ҳоказоларни) ифлос қилишига йўл қўймаслик;

•    умумфойдаланишдаги жойларда итлар ва мушуклар қолдирган экскрементларни олиб ташлаш;

•    итлар ва мушуклар қолдирадиган экскрементларни дарҳол йиғиштириб олиш учун ўзи билан анжом олиб юриш;

•    итларни сотиб олишда ва бошқа жойга кўчганда уларни тегишли ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек зарур маълумотларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига маълум қилиш;

•    итларни рўйхатга олиш гувоҳномасини тақдим этиш ҳамда итларни текшириш ва касалликнинг олдини олувчи эмлаш учун ветеринария бўлимига олиб келиш;

•    тегишли ҳудудга киришда ит борлиги тўғрисида огоҳлантирадиган тахтача ўрнатиш;

•    ит ёки мушук одамларни ёки ҳайвонларни тишлаган тақдирда уни дарҳол текшириш ва 10 кун муддат ажратиб қўйиш учун ветеринария бўлимига олиб келиш ҳамда биринчи ва такрорий ветеринария кўриги ҳақидаги маълумотномани ветеринария бўлимидан олиш ва уни тишлашдан жабрланган шахсга дарҳол топшириш;

•    ҳайвонлар қутуриш касаллигига чалинганлиги ҳақидаги ҳар бир шубҳаланишда дарҳол ветеринария бўлимини хабардор қилиш ва уларни ажратиб қўйиш учун зарур чоралар кўриш;

•    касал итлар ва мушукларни ҳайвонлар ажратиб қўйиладиган махсус хизматларга топшириш;

•    итлар ўлган тақдирда ветеринария бўлимига, яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар бериш ҳамда ўлган итнинг жасадини ташлаб юбормаслик, уни итни рўйхатга олиш гувоҳномасини илова қилган ҳолда туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига топшириш.

Ҳайвонлар эгалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари

20. Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари:

•    кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутишни ташкил қиладилар, шунингдек уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этадилар;

•    одамлар ва ҳайвонларга жароҳат етказган ёхуд ножўя ҳаракат қилинмаганда уларга ҳужум қилган ҳайвонларни кейинчалик карантин қилиш учун ветеринария бўлимларига олиб келадилар;

•    ҳайвонлар қутурган тақдирда тегишли давлат ветеринария бўлимлари билан биргаликда иш олиб борилишини ташкил этадилар, шунингдек ўлган ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда зарарсизлантирадилар.

21. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

•    тегишли ветеринария бўлимларига итларни қутуришга қарши ўз вақтида вакцинация қилиш учун итларни сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни маълум қиладилар;

•    ўлган ва дайди итлар ҳамда мушуклар аниқланганда бу ҳақда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига хабар қиладилар;

•    ҳайвонлар қутурганлигига шубҳаланилганда қисқа муддатларда ветеринария бўлимларига ва соғлиқни сақлаш органларига хабар қиладилар.

22. Ветеринария бўлимлари:

•    фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида итларни қутуришга қарши мажбурий вакцинация қилишни ҳар йили белгиланган муддатларда ўтказадилар;

•    қутуриш аниқланган тақдирда карантин зонасидаги ва таҳдид зонасидаги қутуришга мойил барча ҳайвонларни қутуришга қарши профилактик вакцинация қиладилар;

•    ҳайвонлар учун антирабик вакциналарнинг зарур захирасини яратадилар;

•    ветеринария ҳақидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган қутуриш профилактикаси бўйича бошқа ветеринария тадбирларини ўтказадилар;

•    ветеринария талаблари бажарилишини назорат қиладилар.

23. Соғлиқни сақлаш органлари:

•    жабрланганлар мурожаат қилган тақдирда қутуришга қарши вакцинацияни тезкорлик билан ўтказадилар;

•    қутуриш юқиши хавфи таъсирида бўлган аҳоли гуруҳини (қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари, ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда ихтисослаштирилган овчилик бригадаларининг овчиларини) мунтазам равишда вакцинация қиладилар;

•    фуқаролар учун антирабик вакциналар ва иммуноглобулиннинг зарур захирасини яратадилар.

Ушбу Қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш

24. Ушбу Қоидаларга риоя этилишини ички ишлар органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қиладилар.

25. Ушбу Қоидалар бузилган тақдирда белгиланган тартибда ички ишлар органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

26. Ушбу Қоидалар бузилганлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексигамувофиқ амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ит мушук

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг