Истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича федерация Юлдуз Усмонованинг концерти юзасидан шармандали баёнот берди
Маданият-санъат
−
16 Март 2022
122316Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг “Халқлар дўстлиги” санъат саройидаги концерт дастурида томошабинларга қўпол муомала қилгани бўйича ўрганиш бошлади. Бу ҳақда Федерация Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Федерациядан эслатилишича, истеъмолчи маҳсулот харид этгандагина эмас, балки маънавий озуқа олиш, санъат асарларидан фойдаланиш жараёнида ҳам истеъмолчига айланади.
“Ушбу ҳолат юзасидан “Ўзбекконцерт” ДМ билан ҳамкорликда ўрганиш ишларини олиб бормоқдамиз. Бизга маълум бўлишича, 12 март куни бўлиб ўтган концертда юз берган ушбу воқеа асосида тарқалган видеолар айтилган фикрлардан бир қисмини кесиб олишган, яъни контексдан кесиб олинган. Бироқ қандай ҳолат юз бермасин, санъаткор ўз номига, касб одобига риоя этиши лозим. Биз ўрганиш ишлари якунига етгач, ўз якуний хулосамизни билдирамиз”, дейилади Федерациянинг мужмал ва тушунарсиз баёнотида.
Федерациянинг баёноти бир қанча саволларни келтириб чиқаради:
Биринчидан, Федерация нима асосида ўрганиш ўтказаётганига аниқлик киритмаган.
Иккинчидан, санъаткор касб одобига риоя қилиши кераклиги ҳақида ҳам сўз борган-у лекин қонунчиликда санъаткор касб одоби ҳақида алоҳида нормалар белгиланмагани унутилган.
Федерация ўз баёноти сўнгида шундай насиҳат қилади:
“Ўзбек халқи санъатга шинаванда халқ, санъаткорларни эъзозлайдиган халқ. Бироқ халқнинг меҳрини суистеъмол қилиш нотўғри. Зеро санъаткорни санъаткор этгувчи халқдир!”
LiveБарчаси