Истанбулдаги портлашда жароҳатланган ўзбекистонлик аёл реанимацияда қолмоқда
Олам
−
05 Июль 2023
5134Аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги хонадонда портлаш содир бўлиши оқибатида ушбу хонадонда яшаб келаётган ўзбекистонлик 64 яшар Мағфират Ғуломова жароҳатлангани ҳақида хабар берган эдик. Кўп ўтмай аёлнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги берган хабарда қайтилишича, шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Қайд этилишича, портлаш оқибатида Мағфират Ғуломованинг танаси маълум қисми куйган.
“2023 йил 4 июль куни Истанбул шаҳри Чекмакўй тумани Жомлик маҳалласида 4 қаватли бинонинг 1-қаватида истиқомат қилган уйда табиий газ портлаши натижасида танасининг маълум қисми куйиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Ғуломова Истанбул шаҳар шифохонасига олиб борилди.
Бош консулхона томонидан Чекмакўй ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва шифохона ходимлари билан алоқа ўрнатилди. Ватандошимиз ҳозирги вақтда жонлантириш бўлимида эканлиги маълум бўлди”, дейилади Истанбулдаги консуллик хабарида.
Портлаш кеча, 4 июль куни соат 16:00 атрофида Истанбулнинг Чекмакўй тумани Жомлик маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида содир бўлган. Қайд этилишича, портлашга табиий газнинг сизиб чиқиши сабаб бўлган. Портлашдан сўнг уйда ёнғин келиб чиққан.
Воқеа оқибатида нафақат биринчи қаватдаги хонадонга, балки кўп қаватли уйга, хонадон қаршисидаги биноларга ҳам зарар етган. Хонадон деразасига ўрнатилган панжара портлаш зарбидан учиб, рўпарадаги автомобиллар устига тушган.