Истанбулдаги портлашда қурбон бўлганлар орасида ўзбекистонликлар борми?
Олам
−
14 Ноябрь 2022
8808Туркиянинг йирик мегаполисларидан бири Истанбулда кеча, 13 ноябрь куни содир этилган терактда қурбон бўлганллар орасида ўзбекистонликлар йўқ. Бу ҳақда Туркия расмий идораларига таяниб QALAMPIR.UZ маълум қилади.
Сайёҳлар кўп ташриф буюрувчи маскан саналган Тақсим майдонининг Истиқлол кўчасида содир этилган портлашда 6 киши ҳалок бўлди, 81 киши яраланди.
Истанбул ҳокими Али Ерлиқоя ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали қурбон бўлганларнинг шахсини очиқлади.
Портлашда Арзу Ўзсой ва унинг қизи Яғмур Учар, Юсуф Майдон ва қизи Эcрин Майдон, Адем Тўпқора ва унинг рафиқаси Муқаддас Элиф Тўпқора исмли фуқаролар қурбон бўлган.
Унинг қайд этишича, шифохонага ётқизилган 50 нафар ярадорни даволаш ишлари якунланиб, улар уйга кетишига рухсат берилган. 31 нафар ярадорни даволаш ишлари ҳамон давом этмоқда. Жонлантириш бўлимида қолаётган 5 нафар жароҳатланган бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.
Оила ва ижтимоий хизматлар вазири Дарё Ёниқ ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали портлашда 9 яшар қизи Эскрин билан ҳалок бўлган Юсуф Майдон вазирлик ходими эканини маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Туркиядаги элчихонаси, жумладан Истанбулдаги консуллик портлашда қурбон бўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот бермади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ воқеада террор изи борлигини айтган эди. Кейинроқ республика вице-президенти Фуат Ўктай портловчи қурилмани аёл киши ишга туширганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь