Истанбулдаги черковда отишма уюштирганлар суши ошпазлари бўлиб чиқди

Олам

image

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги черковда содир бўлган отишма ортидан қўлга олинганлар сони 60 нафарга етди, улардан 26 нафари депортация қилинди, 34 нафари эса эҳтиёт чорасини танлаш учун суднинг дастлабки мажлисига олиб борилди. Бу ҳақда “Habertürk” телеканали маълум қилди.

Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳибсга олинганларнинг 2 нафари Россия ва Тожикистон фуқаролари эканини маълум қилган. Бугун, 1 февраль куни эрталаб судга олиб борилганлар орасида ҳужумнинг бевосита айбдорлари ҳисобланган бу икки гумондор ҳам бор.

Қайд этилишича, мазкур шахслар Истанбулдаги хитой ресторанларидан бирида сўнгги бир йил давомида ишлаб, суши тайёрлаган. Улар ҳужумдан кейин жиддий таъқиб остида қўлга олинган. Гумонланувчилар қуролларидан қутулиб, соқолларини олдириш орқали ташқи кўринишини ўзгартиришга уринган.

Маълумот учун, ҳодиса 28 январь куни маҳаллий вақт билан тахминан 11:40 да Сариер туманидаги Авлиё Мери католик черковида содир бўлган. Икки нафар ниқобли босқинчи ўт очган ва оқибатда 1972 йилда туғилган Туркия фуқароси ҳалок бўлган. Ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг сўзларига кўра, ҳодисага алоқадор шахслар ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадор бўлиши мумкин.

Тергов ишларини 150 нафар мутахассисдан иборат гуруҳ олиб бормоқда. Аниқланишича, жиноятчилар черковга Польша давлат рақамлари бўлган машинада келган. У бир йил давомида Истанбулдаги умумий йўлларда кўринмаган. 

IHA агентлиги маълумотларига кўра, ўқлар Россия фуқароси бўлган Д.Т. томонидан отилган. Тожикистон фуқароси A.K.нинг қуроли ишламай қолган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, Туркияда қўлга олинган икки ўзбекистонлик депортация қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул отишма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг