Иссиқлик таъминотига масъул икки янги бошқарма тузилади
Жамият
−
03 Декабрь 2019
3314Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш бошқармаси тугатилди. Ўзбекистон Президентининг “Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида шундай дейилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш бошқармасини тугатган ҳолда, иссиқлик таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш, шунингдек, уларнинг объектларидан ишончли ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун масъул бўлган Иссиқлик таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш бошқармаси ҳамда Иссиқлик таъминоти тизимларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бошқармасини ташкил этиш;
ресурс тежовчи замонавий технологияларни, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни инобатга олган ҳолда, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиш;
аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида, кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартибини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди.
Шунингдек, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган янгидан ташкил этилаётган бошқармаларнинг штат бирликлари сони Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизими бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида шакллантирилиши белгиланди.