Иссиқда қайси маҳсулотларни еб бўлмайди?
Саломатлик
−
15 Июль 2023
8966Ёзда колбаса, консерва ва тузланган маҳсулотлар, шўр балиқ, дудланган гўштдан мутлақо тийилиш керак. Бу ҳақда Тошкент тиббиёт академияси профессори Гули Шайхова Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган интервьюда айтиб ўтган.
Шайховага кўра, бундай егуликлар чанқоқни оширишидан ташқари, юрак-қон томир, ошқозон-ичак тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Соғлом инсонлар учун кунлик истеъмол қилинадиган сув меъёри 3 литргача. Юрак қон-томир, буйрак хасталиги бор инсонларга эса ҳатто кўп сув ичиш тавсия этилмайди.
“Ёзнинг иссиқ кунларида инсон иштаҳаси бироз пасаяди. Шу боис серсув мева-сабзавот ва улардан тайёрланган салатлар севиб истеъмол қилинади. Чунки бу озуқалар чанқоқни қондирибгина қолмай, танани зарур минерал ва витаминлар билан тўйинтиради. Бироқ ушбу маҳсулотлар кам калорияли бўлгани туфайли кундалик сарфланган энергия ўрнини босолмайди. Организм эса доим оқсил моддаларига эҳтиёж сезади”, деган профессор.
Қолаверса, гўшт ва унинг ўрнини босувчи дуккакли ҳамда бошқа озуқалар ҳам кунлик дастурхондан жой олиши керак. Шифокорнинг тавсия қилишича, фақат уларни қайнатилган ҳолатда танаввул қилиш керак.
“Суюқ овқатлар иссиқ кунлар учун, айниқса мос. Ўз навбатида ёзда овқатланиш тартибини ҳам бироз ўзгартирган маъқул. Соат 7:00 нонушта учун мос вақт. Эрталаб сут маҳсулотлари, мева-сабзавот, қайнатилган гўшт ва таркибида оқсил, ёғ ва углеводлар бўлган бошқа маҳсулотлар истеъмол қилиниши керак”, деган у.
Шунингдек, у тушлик учун енгил ҳазм бўлувчи шўрва, мошхўрда, мастава, манпар, сувда ёки буғда тайёрланган котлетлар фойдали эканлигини, улар сабзавотлардан тайёрланган салат ва кўкатлар билан қўшиб танаввул қилинса янада яхши бўлишини айтган.
“Мева шарбатлари тайёрлаш чоғида улар таркибига имкон қадар шакар қўшмасликни тавсия қиламиз”, дея қўшимча қилган Гули Шайхова.
Бундан ташқари, мутахасис томонидан кечки овқат учун таомнома ҳам тез ва енгил ҳазм бўлувчи суюқ овқатлардан ташкил топиши, кам углевод сақловчи қатиқ, олма, сабзавотлар ҳам дастурхонда бўлиши кераклиги таъкидланган.