Исроилнинг талаби ортидан ўн минглаб фаластинлик ўз уйини тарк этди – БМТ 

Олам

image

Ғазо секторида яшовчи ўн минглаб аҳоли Исроил ҳукуматининг жанубга кўчиш ҳақидаги чақириғидан сўнг, ўз уйларини тарк этди. Бу ҳақда БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси хабар берди.

"Пайшанба куни ярим тунда Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори шимолидаги тахминан 1,1 миллион аҳолини ҳарбий амалиётлар бошланишидан олдин 24 соат ичида жанубга кўчишга чақирди. Соат 21:00 ҳолатига кўра, ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб кетган. Бу чақириқдан олдин Ички кўчирилган фаластинликлар сони 400 мингдан ошганди”, дея таъкидлайди раҳбарият.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тинч аҳоли ва фуқаро объектлари Исроил ҳаво ҳужумларининг бевосита нишонига айланиб бораётганидан хавотир билдирган.

ҲАМАС эса аҳолини Исроилнинг тавсиясига эътибор бермасликка чақирди. Шунингдек, улар БМТдан мажбурий кўчирилишга қарши чора кўришни сўради.

Бундан ташқари, БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Исроил Фаластин анклавига сув етказиб беришни тўхтатгани сабабли Ғазо сектори аҳолисининг аксарияти тоза ичимлик сувидан маҳрум бўлганини маълум қилди.

"Кўпчилик сув таъминоти, тузсизлантириш ва сувни тозалаш иншоотларининг узилиши туфайли тоза ичимлик сувига эга эмас. Энг охирги чора сифатида одамлар қишлоқ хўжалиги қудуқларидаги шўр сувни истеъмол қилишга мажбур. Бу сув орқали юқадиган касалликлар тарқалиши мумкин бўлган жиддий хавотирларни уйғотмоқда", дейилади бошқарма баёнотида.

Маълумот учун, жорий йилнинг 8 октябрь куни Фаластин анклавига электр энергияси, ёқилғи етказиб бериш ва сув таъминоти тўхтатилган. 9 октябрда эса Исроил Ғазо секторини тўлиқ блокада қилиш бошланганини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 1,9 минг фаластинлик ҳалок бўлгани маълум бўлганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг