Ғазо секторида ҳалок бўлганлар 1,9 мингдан ошди
Олам
−
14 Октябрь 2023
4225Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 1,9 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилинди.
Вазирликка кўра, ҳалок бўлганлар орасида 614 нафар бола бор.
“Ҳалок бўлганлар сони 1,9 минг кишига етди. Улардан 614 нафари бола ва 370 нафари аёл, 7696 нафари эса жароҳатланган”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, вазирлик блокада ва доимий бомбардимон остида қолган Ғазо секторидаги соғлиқни сақлаш тизими қулаш арафасида эканини билдирган.
Аввалроқ UNICEF кўп сонли болалар ҳалок бўлган Фаластинда содир бўлаётган воқеаларни "даҳшатли манзара" деб атаган ва портлашни зудлик билан тўхтатишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил 1,1 миллион фаластинликни Ғазо секторидан жанубга эвакуация қилиш учун 24 соат вақт берганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси