Исроилнинг Суриядаги операцияси жиддий оқибатларга олиб келади – Жўлоний
Олам
−
04 Февраль 2025 8885 3 дақиқа
Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара (Муҳаммад ал-Жўлоний) Исроилнинг Суриядаги ҳарбий операцияси келажакда жиддий муаммоларни келтириб чиқаришидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у “The Economist” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Бу операция келажакда жуда кўп муаммолар келтириб чиқаради. Исроил Асад режими қулаганидан кейин 1974 йилги ўт очишни тўхтатиш чизиғидан нарида босиб олинган ҳудудлардан чекиниши керак”, деди у.
Сурия етакчисига кўра, 1974 йилда Сурия ва Исроил ўртасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти воситачилигида тузилган келишув мавжуд. Янги ҳукумат Дамашққа келган биринчи кунидаёқ БМТга ушбу келишувга содиқлигини ва нейтрал ҳудудда жойлашган БМТнинг UNDOF кучларини қабул қилишга тайёр эканини билдирган.
“UNDOF билан бевосита алоқа ўрнатилди ва улар бу ҳудудга киришга тайёр эканини билдирди. Бироқ бунинг учун Исроил кучлари ўзининг сўнгги ҳарбий ҳаракатларидан олдинги чегараларига чекинсин. Шундагина UNDOF минтақага кириши мумкин бўлади”, дейди аш-Шара.
Шунингдек, Исроил билан келишувга эришиш эҳтимоли ҳақида сўралганда Суриянинг янги етакчиси Дамашқ барча томонлар билан тинчликни исташини таъкидлаган. Бироқ у Исроил Жўлон тепаликлари устидан назоратни сақлаб қолаётган бир пайтда муносабатларни нормаллаштириш ҳақида гапиришга эрта эканини қўшимча қилган. Шунингдек, аш-Шара бу масала бўйича якуний қарор Суриянинг халқ иродасини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниши кераклигини қайд этган.
У Суриядаги бошқа мамлакатларнинг ҳарбий мавжудлиги ҳақида ҳам сўз очган. Унга кўра, янги Сурия давлати нуқтаи назаридан ҳар қандай ноқонуний ҳарбий иштирок давом этмаслиги керак. Суверен давлат ҳудудидаги ҳарбий мавжудлик фақат муайян келишув асосида бўлиши лозим.
“Сурия билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида бундай келишув мавжуд эмас. Ҳозир биз Россиянинг ҳарбий иштирокини қайта кўриб чиқмоқдамиз ва улар билан келишувга эришишимиз ёки эришмаслигимиз мумкин. Бироқ қандай бўлмасин, ҳар қандай ҳарбий иштирок мезбон давлат розилиги билан бўлиши шарт”, дейди аш-Шара.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь охирида Сурияда қуролли мухолифат ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлаганди. 8 декабрда улар Дамашққа кириб келди. Шундан сўнг, Сурия собиқ президенти Башар Асад лавозимини тарк этиб, Россияга қочиб кетди.
10 декабрь куни Идлиб вилоятида Муҳаммад аль-Башир Сурия муваққат ҳукуматининг бош вазири сифатида эълон қилинди. Бу ҳукумат жорий йил 1 мартгача фаолият юритади.
Жорий йил 29 январь куни эса “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи етакчиси Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) Сурия президенти сифатида эълон қилинди. Ўтиш даври якунигача у шу лавозимда қолади.
Live
Барчаси