Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми гуманитар фалокатга айланади – Абдулла II
Олам
−
13 Февраль
5217Халқаро ҳамжамият Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига бостириб кириши таҳдиди олдида жим қараб тура олмайди, чунки бу гуманитар фалокатга олиб келади. Бу ҳақда Иордания қироли Абдулла II Оқ уйда АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашувдан сўнг сўз очди.
“Исроилнинг Рафаҳдаги операцияси навбатдаги гуманитар фалокатга олиб келади. Уруш бошланганидан бери Фаластин анклавининг шимолий ва марказий ҳудудларидан у ерга аллақачон 1 миллиондан ортиқ одам кўчиб келган”, дейди Иордания қироли.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазият чидаб бўлмас даражада бўлиб, доимий равишда ўт очишни тўхтатишга эришиш зарур.
"Бу уруш тугаши керак ва биз Ғазо секторига барча чегара пунктлари орқали етарли миқдорда ёрдам етказилишини таъминлашга ҳаракат қилишимиз керак", дейди Абдулла II.
Иордания қироли БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) фаолиятига тўхталар экан, бу ҳаётий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
"UNRWA БМТ мандати доирасида ўз ролини бажариши учун зарур ёрдамни олишда давом этиши лозим", дейди у.
Абдулла II нинг айтишича, чўзилган можаро учун ҳар икки томоннинг тинч аҳолиси тавон тўлашда давом этмоқда.
“Ҳеч бир мусулмон бегуноҳ аёллар ва болаларга қилинган бу ҳужумларни, жумладан, 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумни қабул қила олмайди”, дея қўшимча қилди у.
Шу билан бирга, қирол фаластинликларни ўз ерларидан сиқиб чиқаришга уринишларга қарши огоҳлантирди. Унинг айтишича, умумий тартибсизликка олиб келади.
Монарх Иордания АҚШ, бошқа араб давлатлари ва халқаро ҳамжамият билан “икки давлат қарорига асосланган” сиёсий келишувни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, "пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил, суверен Фаластин давлатини яратиш бутун минтақа учун тинчлик ва хавфсизликни кафолатлайдиган ягона ечимдир".
Қайд этиш жоизки, хориж сафари доирасида Абдулла II рафиқаси қиролича Рания ва валиаҳд шаҳзода Ҳусайн бин Абдулла билан бирга АҚШ, Канада, Франция ва Германиядан ташқари ташриф буюради.
Иордания қиролининг сафари “араб давлатларининг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш талабини кенг халқаро қўллаб-қувватлаш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва уларга доимий ва етарли асосда гуманитар ёрдам кўрсатиш”ни мақсад қилган. Бундан ташқари, қирол доимий равишда “Фаластин-Исроил можаросига барҳам берувчи ва мустаҳкам тинчлик ўрнатувчи” сиёсий ечим топиш муҳимлигини таъкидлайди.
Маълумот учун, 7 февраль куни яҳудий давлати ҳукумати раҳбари Биньямин Нетаньяху ҳарбийлар Ғазо секторининг Миср билан чегарасидаги Рафаҳда жанглар бошланишига тайёргарлик кўриш буйруғи олганини айтди. Икки кундан кейин у армияга тинч аҳолини эвакуация қилиш ва шаҳардаги қолган тўртта ҲАМАС баталонини йўқ қилиш режасини тайёрлашни буюрди. 12 февралга ўтар кечаси араб ОАВлари Исроил қуролли кучлари Рафаҳга йирик зарбалар бергани ҳақида хабар берди. “Al Mayadeen” телеканалига кўра, портлашлар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, 230 дан ортиқ киши жароҳатланган.