Исроилнинг Ливанга ҳужумлари оқибатида 51 киши ҳалок бўлди (видео)
World
−
11 May 1291 2 minutes
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичидаги Исроил ҳужумлари 51 кишининг ўлимига сабаб бўлган, улар орасида икки нафар тиббиёт ходими ҳам бор. Бу ҳақда вазирлик кеча, 10 май кунги баёнотида маълум қилди.
Баёнотга кўра, Ливан жанубида Исроил ҳужумлари кучайиши фонида 16 апрель куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувидан буён 552 киши ҳалок бўлган.
“Исроил халқаро қонунлар ва инсонпарварлик меъёрларини бузишда давом этмоқда. У Қалавия ва Тибнин ҳудудларидаги Соғлиқни сақлаш бошқармасининг икки нуқтасига зарба бериб, фельдшер ва қутқарувчиларга қарши яна бир жиноят содир этди” дейилади вазирлик баёнотида.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2 март куни Исроил янги ҳарбий операция бошлаганидан бери мамлакат бўйлаб 2846 киши ҳалок бўлган. БМТнинг маълумотларида билдирилишича, шу вақт ичида Исроилнинг 130 дан ортиқ зарбаси оқибатида камида 103 нафар ливанлик тиббиёт ходими ҳалок бўлган ва 230 киши яраланган.
“Биз ҳар сония, ҳар куни хавф остидамиз. Ўзимиздан “тирик қоламизми ёки ўламизми?” деб сўраймиз. Бу ерда ишлаш орқали аллақачон ҳаётимизни қурбон қилганимизни биламиз. Жуда кўп одамларимизни йўқотдик ва гўё ўзимиз ҳам аллақачон йўқдекмиз”, деган Ливан жанубидаги Тир шаҳри мудофаа раҳбари Али Сафиуддин “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида.
Ғазо ва Ливанда ишлаган жарроҳ ва гуманитар ходим доктор Тоҳир Муҳаммад ҳам Исроил ҳаракатлари Ғазодаги каби бўлаётганини билдирган.
“Ғазода ҳамкасбларимиз доим ўлик ёки ярадор ҳолда келарди. Мен ҳамкасбларим – ҳамширалар ва тиббиёт талабаларининг Исроил қуроллари сабаб ҳалок бўлганини кўрганман. Ливанда ҳам тиббиёт ходимларини нишонга олиш сиёсати давом этаётганини кўряпман” деган доктор.
Маълумотларга кўра, 2 мартдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 1,2 миллиондан ортиқ ливанлик ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. 16 апрелда ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганига қарамай, ҳужумлар янада кучайган.
Эслатиб ўтамиз, 7 май куни Исроил армияси расмийлари Байрутга уюштирилган ҳаво ҳужумлари оқибатида “Ҳизбуллоҳ”нинг элита ҳисобланган “Радван” кучлари қўмондони ўлдирилганини маълум қилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August