Исроилнинг ҳужуми бир неча ҳафта давом этади – ОАВ

Олам

image

Исроилнинг Эрон устидан олиб бораётган ҳарбий операцияси бир неча ҳафта давом этади ва бу АҚШнинг норасмий розилиги билан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Вашингтондаги манбаларига таяниб, CNN хабар беди.

Америкалик амалдорнинг нашрга берган интервьюсида Оқ уй Исроилнинг режалари ҳақида олдиндан хабардор бўлгани ва уларга норасмий тарзда қўллаб-қувватлаш билдирганини айтган. Унинг сўзларига кўра, операциянинг давомийлиги Эроннинг ҳаракатларига боғлиқ бўлади.

Исроиллик манбанинг маълум қилишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти ёпиқ музокараларда операция муддатларига қарши чиқмаган.

“Axios” порталининг маълумотига кўра, сўнгги икки кун ичида Исроил Трамп маъмуриятидан Эрон устидан уюштирилаётган зарбаларга қўшилишни сўраган. Оқ уй раҳбари Дональд Трамп яқинда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатда зарурат бўлса, бу имкониятни кўриб чиқишини айтган. Бироқ ҳозирча Трамп маъмурияти бу масалани жиддий муҳокама қилмаяпти.

“Al Jazeera” эса АҚШ Исроилнинг Эрон ядровий объектларига қарши бевосита ҳужумларида иштирок этишни истамаётгани ҳақида ёзган. 

Исроилнинг Эронга ҳужуми 

13 июнь куни Исроил Эронга қарши зарба беришни бошлади ва бу операцияни “Шерлар олами” деб номлади. Зарба объектлари сифатида Теҳрон, Натанз, шунингдек, Кирмоншоҳ ва Харамобод ҳудудлари танланган. Ҳужумларда ҳарбий базалар, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Эрон Исломий инқилобий гвардияси вакиллари жойлашган турар жой мажмуалари нишонга олинган.

Исроил зарбалари оқибатида бир неча юқори лавозимли ҳарбий хизматчилар ва ядровий физиклар йўқ қилинган. Қолаверса, тинч аҳоли орасидан ҳам 60 киши вафот этгани тахмин қилинмоқда. 

Эроннинг Исроилга жавоби 

13 июнь куни тундан 14 июнь тонгига ўтар чоғи Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг