Исроилнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ёнида портлаш юз берди
Олам
−
27 Декабрь 2023
3455Кеча, 26 декабрь куни Нью-Деҳлидаги Исроил элчихонаси яқинида портлаш содир бўлди, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда Исроилнинг “Kan” давлат радиоси хабар берди.
Радиостанция маълумотларига кўра, ҳодиса юзасидан терговни Ҳиндистон полицияси Исроил хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорликда олиб бормоқда.
Исроилнинг Ҳиндистондаги элчихонаси Нью-Деҳлидаги дипломатик миссия биноси яқинида портлаш юз берганини тасдиқлаган.
"Тасдиқлашимиз мумкинки, тахминан 17:08 да элчихона яқинида портлаш содир бўлган. Полиция ва хавфсизлик хизматлари воқеа юзасидан терговни давом эттирмоқда", дейди дипломатик миссиянинг матбуот атташеси Гай Нир.
Унинг аниқлик киритишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа дипломатик миссия ишига таъсир қиладими, деган саволга жавоб берар экан, Нир биринчи навбатда тергов натижаларини кутиш кераклигини таъкидлаган.
Нью-Деҳли полицияси эса Исроил элчихонаси яқинида портлаш юз бергани ҳақида сигнал олганини, бироқ воқеа жойида “шубҳали ҳеч нарса” топилмаганини билдирган. Элчихона ҳудуди ўраб олинган.
Маълумот учун, бу Исроилнинг Нью-Деҳлидаги элчихонасида содир бўлган биринчи бундай ҳодиса эмас. Жорий йил бошида ҳам дипломатик миссия биноси яқинида қўлбола портловчи қурилма портлаган. Исроил томони буни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаган.
LiveБарчаси