Исроилда юк машинаси ҳарбий база ёнида бир гуруҳ одамларни босиб кетди (видео)
Олам
−
27 Октябрь
9987Исроилда бугун, 27 октябрь куни юк машинаси армия ҳарбий базаси яқинидаги автобус бекатида бир гуруҳ одамларни босиб кетди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Оқибатда 30 га яқин киши жароҳатланди. “Deutsche Welle” қутқарув хизматлари Тель-Авив шимолидаги Рамат-Ҳашарон шаҳрида содир бўлган фожиада камида 24 киши жабрлангани, уларнинг 6 нафари жиддий жароҳат олганини ёзган.
“The Times of Israel” нашри эса камида 35 киши шифохонага ётқизилганини хабар қилди. Унда олти кишининг аҳволи оғир, 5 кишининг аҳволи ўртача оғир, 20 кишининг тан жароҳати енгил, яна 4 киши стресс ҳолатида экани айтилади.
BBC'га кўра, юк машинаси автобус бекатида тушган ўнлаб одамларни уриб юборган. Ярадорлардан саккиз нафари юк машинаси остида қолиб кетган.
Хабар қилинишича, жароҳатланганларнинг кўпчилиги яқин атрофдаги музейга бир кунлик саёҳатга чиққан нафақахўрлардир. Исроилнинг марказий қисмидаги Калансуа шаҳридан исроиллик араб миллатига мансуб Рами Натур исмли юк машинаси ҳайдовчиси воқеа жойида тинч аҳоли томонидан отиб ўлдирилган.
Полиция учун масъул бўлган ўта ўнг қанот Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳужумда гумон қилинган оилани Исроилдан депортация қилишга чақирган. Полиция ҳодисани теракт деб тахмин қилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда Аксарай-Анқара автомагистралининг Ажипинар қишлоғига кириш ҳудудида автобус ағдарилиб кетганди. Оқибатда 6 киши ҳалок бўлган, 25 киши жароҳатланганди. Воқеа жойига борган Аксарай вилояти ҳокими Меҳмет Али Кумбузўғли журналистларга берган интервьюсида саёҳат автобуси Баликесирдан Кападокияга кетаётганини тасдиқлаган.