Исроилда ушланган ўзбекистонлик хавфсиз шароитдалиги айтилди
3-саҳифа
−
05 Март 10894 2 дақиқа
Аввалроқ, Исроилдаги Ўзбекистон фуқароси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоси сабаб ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинган эди. Ҳолат юзасидан ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси баёнот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон фуқароси Н.Х. сиреналар янграган пайтда ТикТок ижтимоий тармоғига видео жойлаштирган. Ушбу видео Исроил ижтимоий тармоқларида ҳам кенг тарқалиб, катта норозилик келтириб чиқарган.
Шундан сўнг, Исроил фуқароси А.Х. мазкур ҳолат юзасидан полиция органларига мурожаат қилган. Элчихонанинг Консуллик бўлими Ўзбекистон фуқароси Н.Х. билан тезкор боғланиб, тегишли суҳбат ўтказган. Шунингдек, Исроил фуқароси А.Х. билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.
“Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси Н.Х. хавфсиз шароитда бўлиб ва мазкур масала элчихонанинг Консуллик бўлими назоратида турибди”, дейилади элчихона баёнотида.
Шунингдек, элчихона Исроилда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан қуйидаги ҳолатларда диққатли бўлишни эслатган:
маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш;
ўз хатти-ҳаракатларида эҳтиёткор бўлиш ҳамда турли провокациялардан тийилиш;
ракета ҳужумлари пайтида Исроил Фронторти қўмондонлиги томонидан бериладиган барча хавфсизлик тавсияларини сўзсиз бажариш.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик эркак ижтимоий тармоқларда тарқалган видеосида “Мана ҳеч ким қолмади, каламушлар қочиб кетди. Ҳеч ким йўқ”, деб айтган. Бу билан у огоҳлантириш сигнали янграган пайтда паноҳ жойларига югураётганларни назарда тутган.
Live
Барчаси11:37
11:04