Исроилда Arrow ҳаво мудофаа тизими учун ракеталар захираси тугаяпти – WSJ 

Олам

image

Исроилда Arrow ҳаво мудофаа тизими учун тўсувчи ракеталар захираси тугаяпти. Бу ҳақда бугун, 18 июнь куни АҚШ расмий манбаларига таянган ҳолда “The Wall Street Journal” газетаси хабар берди

АҚШ ҳукумати бу камомад хавфи ҳақида бир неча ой аввалдан билиб, Исроилдаги мудофаани кучайтиришга киришган: қўшимча ҳаво, қуруқлик ва денгиз кучлари юборилган.  Шунингдек, янада кўпроқ ҳаво мудофаа тизимлари Яқин Шарққа жўнатилган.

“The Washington Post” газетасининг маълум қилишича, Исроил армиясидаги ҳозирги мудофаа имкониятлари ҳафта охиригача сақланиши мумкин, ундан кейин ракеталарни тўхтатиш имкониятлари кескин камаяди.

АҚШ ва Исроил разведкасига яқин манбанинг айтишича, армия қайси ракетани тўсиш кераклиги бўйича танлов қилишга мажбур бўлади. Барчасини бирдек ушлаб қолишнинг имкони йўқ.

Исроил томони катта миқдорда Эрон ракета ҳужумларини қайтарган. Аммо сўнгги кунларда Эрон ҳужумлари интенсивлиги камайган. Теҳронда қанча ракета қолгани номаълум.

CSIS (Вашингтондаги Стратегик ва Халқаро тадқиқотлар маркази) мутахассиси Том Каракога кўра, яқин кунларда АҚШнинг ўзида ҳам ҳаво мудофаа тизими учун ўқ-дорилар тугаши мумкин.

“Исроил ва унинг иттифоқчилари бу ҳолатга жуда шошилинч ёндашиб, керакли барча чораларни кўришлари керак. Биз бефарқ томошабин бўлиб тура олмаймиз”, дея таъкидлади у.

Маълумот учун, Arrow 3 – узоқ ва ўрта масофали ракета ҳужумларини тўхтатиш учун мўлжалланган (масалан, Эрондан учирилган ракеталар). Iron Dome (Темир гумбаз) эса қисқа масофали ракеталарга қарши курашади (айниқса, Ғазодан отилган ракеталарга қарши).

Эслатиб ўтамиз, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро дастурига қарши ҳарбий операция бошлади. Орадан бир кун ўтмасдан Эрон жавоб ҳужумини амалга оширди. Кейинги кунларда Исроил ва Эрон яна зарбалар беришди. Иккала томон ҳам ушбу ҳужумлар оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълум қилди ва бир қатор нишонларга зарба берганини тан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Темир гумбаз Ҳаво мудофаа тизими Arrow 3

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг