Исроил Яманга ҳаво ҳужуми уюштирди (видео)

Олам

image
Ямандан Исроилга учирилган баллистик ракета аэропортда портлади (видео) north_east

Ямандан Исроилга учирилган баллистик ракета аэропортда портлади (видео)

АҚШ ҳусийларнинг қурол омборларига зарба берди north_east

АҚШ ҳусийларнинг қурол омборларига зарба берди

Кеча, 5 май куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 20 га яқин қирувчи самолёти Яман қирғоқларидаги ҳусийлар инфратузилмасига, жумладан, Ходейда порт шаҳри ва Бажил шаҳри яқинидаги цемент заводига зарба берди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучларига (ЦАХАЛ) таяниб, “The Times of Israel” хабар берди.

Қайд этилишича, зарба бир кун аввал ҳусийлар томонидан амалга оширилган ракета ҳужумига жавобан амалга оширилган. Ўшанда Тель-Авивдаги Бен Гурион халқаро аэропорти яқинида ракета қулаши оқибатида бир неча киши жароҳатланганди.

Исроил ҳарбийлари Ҳудейда портидан ҳусийлар “Эрон қуроллари, ҳарбий техникаларини ташиш ва бошқа террорчилик мақсадларида” фойдаланганини даъво қилмоқда. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, Бажилдаги цемент заводидан ҳусийлар туннеллар ва ҳарбий инфратузилма қуриш учун фойдаланмоқда. Исроил ҳарбийлари бу ҳужумни “режим иқтисодиёти ва ҳарбий салоҳиятига зарба” эканини айтди.

Исроилнинг Ямандаги ҳусийларга қарши ҳужуми уруш бошланганидан бери олтинчи ва 2025 йил январидан бери биринчиси бўлди. “The Times of Israel” нашрига кўра, зарбалар АҚШ билан мувофиқлаштирилган, бироқ қўшма операция эмас эди. Пентагон, шунингдек, АҚШ армияси Исроилнинг Ямандаги ҳусий нишонларига ҳужумида иштирок этмаганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Яман ОАВлари АҚШ ҳаво ҳужумларини мамлакат пойтахти Сана шаҳрига зарба берганини хабар қилди. Ҳусийлар назоратидаги “Saba” ахборот агентлигининг маълум қилишича, АҚШ зарбалари ал-Арбаин кўчаси ва аэропорт йўлига берилган. Ҳусийлар назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида 16 киши жароҳатланган.

Маълумот учун, ҳусийлар Яманнинг катта қисмини назорат қилади. 2023 йил октябрь ойида Ғазода қонли уруш бошланганидан сўнг, ҳусийлар ҲАМАС билан бирдамлик эълон қилиб, Исроилга ракета ва учувчисиз ҳаво зарбаларини беришни бошлади.

Бундан ташқари, улар Яман қирғоқлари яқинида Адан кўрфази ёки Қизил денгизда кемаларга ҳужумлар уюштирган. Оқибатда кўплаб савдо кемалари жаҳон савдосининг асосий йўлларидан бири бўлган Сувайш каналидан фойдаланмасликни афзал кўра бошлади.

Март ойи ўрталарида Қўшма Штатлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳутийларнинг ҳужумларини тўхтатиш учун Яманда йирик ҳарбий операция бошлаган эди. Ўшандан бери АҚШ ҳарбийлари Яманда 800 дан ортиқ ҳужум уюштириб, ўз маълумотларига кўра, юзлаб ҳусийларни ўлдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг