Исроил ва Фаластин тинчликка тайёр эмас – Боррель
Олам
−
17 Март 2023
4090Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель на Исроил, на Фаластин тинчликка тайёр эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у бугун, 17 март куни “El Pais” газетасида чоп этилган мақоласида айтиб ўтди.
“Исроил ва босиб олинган Фаластин ҳудудларида ҳар ҳафтада жуда кўп одам ҳалок бўляпти, у ерда миллионлаб одамлар қўрқувда, умидсиз яшайди. Жаҳон ҳамжамияти томонидан жуда кўп баёнот ва жуда кам ҳаракат бўлди. Исроил томони ҳам, Фаластин томони ҳам тинчликка тайёр эмаслиги аниқ”, деган Боррель.
У бу орқали Евроиттифоқ ва халқаро ҳамжамиятни вазиятни ҳал қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирган.
Шунингдек, у ҳар икки томонда экстремизм кучайиб бораётганини тан олиш кераклигини айтган. Боррелга кўра, ҳужумлар кўплаб исроилликларнинг ҳаётига зомин бўлган. Ғарбий Соҳилдаги исроиллик кўчманчиларнинг зўравонлиги эса фаластинликларнинг ҳаёти ва тирикчилигига тобора кўпроқ таҳдид солмоқда. Бироқ айбдорлар деярли ҳар доим жазосиз қолмоқда. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Исроил ҳарбий амалиётлари кўпинча фаластинлик тинч аҳолининг ўлимига олиб келишини таъкидлаган.
Боррель сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятнинг томонлар ўртасида мустаҳкам тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраганини айтган. Вазиятни ҳал қилиш учун эса араб давлатлари, Европа, АҚШ ва бошқа давлатларнинг жамоавий саъй-ҳаракатлари зарурлигини қўшимча қилган.
Унинг эслатишича, 2013 йилда ҳамжамият томонлар тинчлик келишувига эришган тақдирда мисли кўрилмаган иқтисодий, сиёсий ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш пакетини таклиф қилган. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Боррель Европа Иттифоқининг махсус вакили Свен Купмансга Еврокомиссия ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан бундай таклифни якунлаш бўйича ишлашни топширган. Шунингдек, Боррель ундан ЕИ ҳамкорлари билан биргаликда Исроил ва Фаластин ўртасида, Исроил ва унинг барча араб қўшнилари ўртасида тинчликка эришиш учун аниқ таклифлар ишлаб чиқишни сўраган.
“Ҳозирги зўравонлик даврини тўхтатиш учун нимадир керак ва биз томонларга ўз имкониятларини кўриб чиқишда ёрдам беришда муҳим роль ўйнашимиз мумкин. Аниқроқ айтсам, мен Европа тинчлик ташаббусини эълон қилмаяпман”, деган Жозеп Боррель.
LiveБарчаси