Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга жуда яқин – CNN
Олам
−
11:43
1010Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга яқин турибди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳужумларининг кучайишига қарамай, томонлар келишувга жуда яқин турибди.
“Биз бу йўналишда келишувга эришишга ҳаракат қиляпмиз, лекин ҳали ҳал қилиниши керак бўлган айрим масалалар бор”, дейди яҳудий давлати вакили.
Исроилнинг “Ynet” нашрига кўра, Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” билан ўт очишни тўхтатиш бўйича таклиф этилган келишувни дастлабки босқичда маъқуллаган, аммо бу келишув ҳукумат идораси томонидан якуний тасдиқланиши керак.
Кеча, 24 ноябрь куни “Axios” нашри журналисти Барак Равид Х ижтимоий тармоғида маълумот тарқатиб, АҚШ воситачиси Амос Хохштайн Исроил ҳукуматига Ливанда тез орада ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаса, воситачилик ҳаракатларини тўхтатиш билан таҳдид қилганини билдирган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Исроил “Шимолий ўқлар” номли операцияни бошлаган бўлиб, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” тузилмаларига, ҳарбий объектларга катта зарбалар бермоқда. Ушбу операциянинг эълон қилинган мақсади – яҳудий давлатининг шимолий чегарадош ҳудудларида ўн минглаб аҳолини қайтариш учун хавфсиз шароитлар яратиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац мамлакат қўшинлари Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини жанг майдонида мағлуб этганини айтган эди. Кацнинг сўзларига кўра, Исроил Ливаннинг ички сиёсатига аралашишдан манфаатдор эмас, чунки у “сабоқ олиб бўлган”. Вазир ўз баёнотининг маъносини изоҳламаган, бироқ бу 2006 йил воқеаларига ишора бўлиши мумкин. Исроилда бу воқеалар “Иккинчи Ливан уруши” деб аталади.
LiveБарчаси