Исроил Суриянинг жанубида ҳарбий операция ўтказмоқда
Олам
−
06 Октябрь 3287
Исроил армияси икки ойдан бери Суриянинг жанубида олиб бораётган ҳарбий операциялари ҳақида хабар бериб, бу ҳаракатларнинг мақсади оккупация қилинган Жўлон тепаликларида хавфсизликни таъминлаш эканини маълум қилди. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот котиби Авихай Адраининг тегишли ёзма баёноти эълон қилинди.
Маълум қилинишича, армиянинг 210-дивизияси таркибидаги 226-бригада Суриянинг жанубида ҳарбий операциялар олиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, армия ўз вазифаси доирасида “кўплаб аниқ йўналтирилган операциялар”ни амалга оширган, улар чоғида “террористик фаолиятда гумон қилинган” шахслар қўлга олинган ва қурол-яроғ мусодара қилинган.
Исроил армияси ҳужумлари “умуман олганда исроиллик фуқароларнинг, айниқса, Жўлон тепаликлари аҳолисининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” ташкил этилганини таъкидлар экан, Адраи бу воқеалар оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони, шунингдек, ҳужумлар амалга оширилган ҳудудлар ҳақида батафсил маълумот бермади.
Асад режими ағдарилгандан кейин Исроил Суриянинг кенг ҳудудларига ҳаво зарбаларини бериб келмоқда, шу билан бирга 1974 йилдаги ўт очишни тўхтатиш чизиғи ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳарбий базалар ва пунктлар ташкил этиб, патруль ишларини олиб бормоқда.
Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шаранинг баёнотига кўра, Асад режими ағдарилганидан бери Исроил армияси Сурия ҳудудига 1000 дан ортиқ ҳаво зарбаси берган ва 400 дан зиёд рейдларни амалга оширган.