Исроил Суриядаги авиабазага зарба берди
Олам
−
08:21 1362 1 дақиқа
Исроил ҳарбийлари Сурия шимоли-ғарбидаги Ҳалаб яқинида жойлашган Абу ад-Дуҳур авиабазасига ҳаво зарбалари берди. Бу ҳақда Суриянинг “Ekhbariya” телеканали ҳарбий манбага таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил авиабазанинг учиш-қўниш йўлаги ва қурол-аслаҳа сақланадиган объектларига 8 та зарба берган. Ҳужумда қурбонлар бўлмаган.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги зарбаларни Суриянинг ҳудудий яхлитлигига зид деб баҳолаб, халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг Сурияга қарши ҳужумларини тўхтатиш учун қатъийроқ чора кўришга чақирган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху маъмурияти эса Сурия Туркия ҳарбийларини авиабазага жойлаштириш орқали Исроил билан хавфсизлик масалалари бўйича ўрнатилган “статус-кво”ни бузиш арафасида турганини билдирган.
Шунингдек, АҚШнинг Туркия ва Сурия ҳамда Ироқ бўйича махсус вакили Том Баррак ҳужумларни “минтақавий барқарорликка хизмат қилмайдиган кераксиз кескинлашув” деб атаган. Сурия Ташқи ишлар вазири Асад аш-Шибони ҳам зарбаларни тўхтатишга чақирган.
Манбага кўра, ҳужумлар Исроил ва Туркия ўртасида Сурия масаласида кескинлик кучайган бир пайтда содир бўлган. Анқара Исроилни Сурияни беқарорлаштиришга уринишда айбламоқда. Шу билан бирга, Туркия Сурия янги ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараанинг асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади.
Live
Барчаси