Исроил шарқий Ливанга ҳужум қилди
Олам
−
09 Октябрь
4698Исроилнинг Ливан шарқидаги Баалбек шаҳрига уюштирган ҳаво ҳужумида бир киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди, улар орасида аёллар ҳам бор. Бу ҳақда Ливаннинг NNA расмий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Баалбекнинг ғарбий қисмидаги Саида қишлоғига уюштирган ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, кўплаб ливанликлар, жумладан, бир оила аъзоси бўлган уч аёл яраланган.
Айни пайтда Ливан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил ҳужумларига жавобан ракеталар ва учувчисиз учоқларни учирмоқда, шунингдек, Исроил томонидаги тинч аҳоли пунктлари ва ҳарбий нишонларни артиллериядан ўққа тутмоқда.
Исроил-Ливан чегарасида Исроил армияси ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида назорат остидаги тўқнашувлар 2023 йил 8 октябрдан бери давом этмоқда. 2024 йил 23 сентябрда Исроил ҳаво кучлари Ливан жанубидаги шаҳарлар, шунингдек, Бекаа водийси ва Баалбек шаҳрига юзлаб зарбалар берди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил 8 октябрдан бери жами 2119 киши, жумладан, 104 нафар бола ва 194 нафар аёл вафот этган.