Исроил Рафаҳнинг яна бир қанча ҳудудларини эвакуация қилмоқда
Олам
−
11 Май
3864Исроил армияси Рафаҳ шаҳри аҳолисини шаҳарнинг шарқий қисмидаги бир қанча ҳудудларни тарк этишга чақирди. Исроил ҳарбийлари томонидан Х ижтимоий тармоғида ва СМС-хабарлар орқали тарқатилган араб тилидаги хабарда тарк этилиши керак бўлган аниқ ҳудудлар, жумладан, қочқинлар учун иккита лагер қайд этилган.
Аҳолига зудлик билан Ўртаер денгизи соҳилидаги Ал-Мазори лагерига эвакуация қилиш буюрилган. Кузатувчилар қайд этишича, бу Исроил армияси Рафаҳ шаҳрида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтиришга тайёрланаётганини англатади.
Қайд этиш жоизки, Исроилнинг Рафаҳдаги ҳарбий амалиёти кўплаб мамлакатларда салбий муносабатга сабаб бўлмоқда. АҚШ Президенти Жо Байден Исроил бу шаҳарда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошласа, Америка ҳарбий ёрдамини тўхтатиш билан таҳдид қилди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Миср билан чегарадош Рафаҳда Ғазо секторидаги жанглардан қочган бир миллиондан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қилади ва агар кенг кўламли жанглар бўлса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху исроилликлар керак бўлса якка ўзи жанг қилишга тайёрлигини билдирганди. Исроил ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси эса 9 май оқшомида Рафаҳ шаҳридаги амалиётни кенгайтиришга қарор қилди.