Исроил Рафаҳ шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирди
Олам
−
12 Декабрь 2023
4848Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари блокададаги Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрига зарба берди. Бу ҳақда Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, ҳужум оқибатида 12 фаластинлик, жумладан, олти нафар бола ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.
Маълумотларга кўра, Исроил кучлари Аз-Зуҳур маҳалласидаги турар-жой биносига зарба берган. Уй фаластинлик Ҳарб оиласига тегишли эди. Ҳалок бўлган фаластинликларнинг шахси ҳақида маълумот берилмаган.
Исроил ҳарбий самолётлари Рафаҳдан ташқари эксклавдаги бошқа шаҳарларга ҳам ҳужум қилди. Ғазо секторининг шимолидаги Жабалия қочқинлар лагери ва жанубидаги Хон Юнус шаҳри кучли ўққа тутилди.
Маълумот учун, Исроилнинг ҲАМАС билан уруши 7-октябрдан бери давом этмоқда. 22-ноябрь куни томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олди ва бу келишув бир неча бор узайтирилди. 1-декабрь куни Исроил армияси Ғазода операцияни қайта бошлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ЦАХАЛ бош штаби бошлиғи Герци Ҳалеви Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида қуруқликдаги операциянинг учинчи босқичини бошлагани ва анклав жанубидаги Хон Юнус шаҳарчасини ўраб олганини маълум қилганди.
LiveБарчаси