Исроил Президенти суд тизими ислоҳотини тўхтатишга чақирди
Олам
−
27 Март 2023
5686Исроил Президенти Ицхак Герцог ҳукуматни суд тизимини ислоҳ қилишни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасида ёзди.
“Исроил халқининг бирлиги номидан, масъулият номидан сизни қонунчилик жараёнини тўхтатишга чақираман. Мен Кнессетнинг (парламент) барча фракциялари, коалиция ва мухолифат раҳбарларини мамлакат фуқароларини ҳамма нарсадан устун қўйишга ҳамда кечиктирмасдан масъулият ва жасорат билан ҳаракат қилишга чақираман. Энди ўзингизга келинг! Бу сиёсий лаҳза эмас, бу етакчилик ва масъулият кўрсатадиган вақт”, деган Исроил Президенти.
Шунингдек, Герцог янги норозилик намойишлари, намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар фонида мамлакатдаги ўта кескин ижтимоий-сиёсий вазиятни қайд этган. У миллатни чуқур ташвиш қамраб олгани, миллий хавфсизлик, иқтисодиёт, жамият – ҳамма нарса таҳдид остида эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, Исроилда уч ойдирки, ҳукуматнинг Олий суд ваколатларини чеклаш режалари туфайли халқ норозиликлари тинмаяпти. Нетаньяху ҳукумати таклиф этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳоти Олий суд судьяларини сайлаш жараёни устидан назоратни парламентдаги асосий партия фракциясига ўтказишни назарда тутади. Расмийлар Олий судга ҳукумат қарорларини бекор қилиш имконини берувчи қонунчилик тамойилидан ҳам воз кечмоқчи. Мухолифат эса мазкур ислоҳот Исроил давлатчилигининг демократик асосларини бузади, деб ҳисобламоқда ва норозилик билдирмоқда. Бироқ Бош вазир Нетаньяху ислоҳотларни тўхтатишдан бош тортмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бош вазир Биньямин Нетаньяху томонидан суд тизими ислоҳотига қарши бўлган Мудофаа вазири Йоав Галантнинг ишдан бўшатилиши ортидан тартибсизликлар авж олган, намойишчилар Нетаньяҳунинг қароргоҳигача кириб борган эди.
LiveБарчаси