Исроил полицияси ўлдирилган журналистнинг дафн маросимини барбод қилди (видео)

Олам 17360
image
-

Исроил хавфсизлик кучлари кеча, 13 май куни Шарқий Қуддусда “Al Jazeera” мухбири Ширин Абу Акленинг дафн маросимига бостириб келди. Улар резина таёқлар билан уриб, маросимда қатнашганларни тарқатишга уринган. Телеканалнинг воқеа жойидан хабар беришича, Исроил ҳукумати фаластинликларга Франция шифохонасидан хотира маросими ўтказиладиган католик черковигача пиёда боришига рухсат бермаган.

Полиция дафн маросимига ҳужум уюштириб, унинг иштирокчиларини шифохона дарвозасига қайтаришга мажбур қилган. Исроилликлар ўлдирилган аёлнинг жасади бўлган тобутни дафн аравасида черковга етказишни талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, Қатарнинг “Al-Jazeera” телеканали журналисти Ширин Абу Акле Фаластинда, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги отишмада ҳалок бўлганди.

Телеканалга кўра, 51 ёшли журналист 11 май куни эрталаб отишма содир бўлган Женин шаҳридаги фаластинлик қочқинлар лагерига исроиллик ҳарбийларнинг босқинини ёритган. Тўқнашув вақтида “Пресс” ёзуви туширилган ўқ ўтказмайдиган жилет кийган Абу Акленинг бошига ўқ узилган. Журналист шифохонага олиб кетилган, бироқ уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. У билан бирга “Al-Quds” мухбири Али Самодий ҳам яраланган. У ҳозирда шифохонада, аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

“Al-Jazeera” Ширин Абу Акленинг ўлдирилишида Исроил хавфсизлик кучларини айблаб, буни “халқаро меъёрларни бузувчи совуқ қонли, даҳшатли жиноят” деб атади. Исроил мудофаа кучларининг иддаосича, қуролланган фаластинликлар журналистни тасодифан отиб ўлдирган бўлиши мумкин.

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 433
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×