Исроил парламенти қаршисида минглаб намойишчи Нетаньяхунинг истеъфосини талаб қилди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
5820Қуддусдаги Исроил Кнессети (парламенти) биноси ёнида 1,4 мингга яқин киши Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг истеъфосини талаб қилиб норозилик намойиши ўтказди. Бу ҳақда “The Times of Israel” газетаси хабар берди.
Акция ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужумнинг 30 кунлиги муносабати билан ўтказилган. Тадбирни мамлакат жанубий вилоятларида содир этилган ҳужумда ҳалок бўлганларнинг яқинлари ташкил қилган.
Акциянинг биринчи қисми сиёсий талабларсиз ўтган. Иштирокчилар ёниб турган шамлар орқали “7.10” (7 октябрь) рақамларини ясаган, шунингдек, Ғазо секторида гаровга олинган 240 кишининг фотосуратларини панжара устига ёпиштирган.
Акциянинг икки ташкилотчиси – кекса ота-онаси ҲАМАС томонидан ўлдирилган Маоз Инон ва ўғлини йўқотган Яков Годот парламент яқинида чодир тикиб, Нетаньяху ҳокимиятдан кетгунича унда яшашини айтган. Улар Ғазо секторидаги урушга қарши эканини ва ўт очишни тўхтатишни талаб қилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни кечқурун юзлаб кишилар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Қуддусдаги қароргоҳи атрофидаги полиция тўсиқларини бузиб ўтишга уринганди. Улар ҳам Нетаньяхунинг истеъфосини талаб қилганди.
LiveБарчаси