Исроил Мудофаа вазири Ғазони эгаллаш режасини тасдиқлади

Олам

image
Исроил кучлари штаб бошлиғи ҳам Ғазони эгаллаш режасини маъқуллади north_east

Исроил кучлари штаб бошлиғи ҳам Ғазони эгаллаш режасини маъқуллади

Кеча, 19 август куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Ғазо шаҳрини эгаллаш бўйича операцияни тасдиқлади. Операция “Гидеоннинг аравалари 2” деб номланган бўлиб, унинг давомида захирадаги аскарларни сафарбар қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ynet” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, операциянинг мақсади шаҳарни эгаллаш, барча гаровдагиларни озод қилиш учун шароит яратиш ва Ғазони қуролсизлантиришдан иборат.

“The Times of Israel” манбаларига кўра, 60 минг нафар захирадаги аскарга чақирув қоғози юборилиши кутилмоқда. Уларга хизматга чиқишдан олдин камида икки ҳафта тайёргарлик вақти берилади. Мутахассисларнинг ҳисобича, Ғазо шаҳрига ҳужум давом эттирилса, операция пайтида 130 минг атрофида исроилликлар захирада бўлади, чунки ўн минглаб заҳирадаги аскарлар ҳозирнинг ўзида хизматда. Бироқ уларнинг барчаси Ғазо операциясида қатнашмайди, айримлари бошқа фронтлардаги мунтазам қўшинлар билан ўрин алмашади.

Маълумот учун, бунгача оммавий ахборот воситаларида ҲАМАСнинг гаровдагилар акс этган видеосидан сўнг Исроил бутун Ғазо секторини босиб олиш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Видеода эркаклардан бири овқатсиз қолганини, тик тура олмаётганини ва “ўлим ёқасида” эканини айтади. Исроил ҲАМАСни гаровдагиларни оч қолдиришда айблади, бироқ гуруҳ бу даъволарни рад этиб, гаровдагилар аскарлар ва очликдан азият чекаётган ғазоликлар билан бир хил таом ейишини билдирди.

BBC’нинг ёзишича, Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат Ғазо секторининг тўлиқ оккупацияси ва гаровдагиларни ҳарбий йўл билан озод қилиш режаларини кўриб чиқмоқда. Исроил ҳукумати операция қачон бошланишини эълон қилмаган, бироқ маҳаллий матбуот армиянинг дарҳол шаҳарга юриши кутилмаслигини, аввало тинч аҳолининг эвакуация қилиниши кераклигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, Нетаньяху Исроилнинг бошқа йўли қолмаганини, мақсад – ҲАМАСни буткул тор-мор қилиш учун Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш зарур эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС гаровдагиларнинг ярмини озод қилиш эвазига 60 кунлик сулҳга рози бўлгани, бироқ Исроил бундан бош тортаётгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо Исроил Кац

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг