Исроил Ливандан қўшинларини олиб чиқмоқчи эмас
Олам
−
25 Январь
1889Исроил ҳукумати ўз ҳарбийларини белгиланган муддат, 26 январда Ливандан олиб чиқмаслигини билдирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу келишув доирасида Исроил жанубий Ливандаги барча қўшинларини олиб чиқиши кутилган эди. Аммо Исроил ҳукумати баъзи кучларини жанубий Ливанда қолдиришини, бунга Ливаннинг келишув шартларини бажармаганлигини сабаб сифатида кўрсатди.
“Исроил мудофаа кучларининг чиқиши Ливан армиясининг жанубий Ливанда жойлаштирилишига боғлиқ,” дейилади Исроил Бош вазири идораси баёнотида.
Кеча, 24 январь куни АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши вакили Браян Хюз АҚШ шериклари билан сулҳни қисқа ва вақтинчалик узайтириш бўйича иш олиб бораётганини маълум қилди. Шунингдек, Исроил ҳукумати АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятига Исроил қўшинларини Ливанда яна камида 30 кун қолишини хоҳлаётганини айтган.
Ливаннинг хавфсизлик манбасига кўра, Исроилнинг Ливанда 60 кунлик сулҳ муддати тугагач, қўшинларини қолдириш режалари ҳақида расмий хабар олмаган.
Маълумот учун, 2024 йил ноябрь ойида эришилган сулҳ келишувига кўра, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” кучлари 26 январга қадар жанубий Ливандан чиқиши керак эди. Аммо “Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳарбийлари Ливанда қоладиган бўлса, буни “келишувнинг очиқ бузилиши”, деб ҳисоблашини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув муддати келаси ҳафта тугаши, аммо сулҳ муддати узайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Ливан, Исроил ва Франция расмийларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил сулҳ шартларини тўлиқ амалга ошириш учун кўпроқ вақтга муҳтож ва ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш нияти йўқ.