Исроил Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига зарба берди

Олам

image

Кеча, 6 август куни Исроил Ливан жанубида жойлашган “Ҳизбуллоҳ”га тегишли инфратузилма объектларига авиазарбалар берди. Бу ҳақда Исроил армияси (ЦАХАЛ) хабар берди.

“Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливан жанубидаги инфратузилмасига зарба берди. Нишонга олинган объектлар орасида “Ҳизбуллоҳ”нинг қурол омборлари, ракета қурилмалари ҳамда ушбу ҳудудда инфратузилмани тиклаш имконини берадиган муҳандислик асбоб-ускуналари сақланган инфратузилма объектлари бор”, дейилади баёнотда.

Қайд этиш жоиз, Ливан расмийлари Исроилни мамлакат суверенитетини мунтазам бузишда айблаб келади. Уларнинг таъкидлашича, 2024 йил ноябрида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги бешта стратегик нуқтада, жумладан, Гажжар қишлоғининг шимолий қисмида ҳозирча мавжуд бўлиб турибди. Бу эса Ливан ҳукумати томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-сонли резолюциясини бузиш ва оккупацияни давом эттириш деб баҳоланмоқда.

Исроил армияси эса зарбалар фақат “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий инфратузилмаси ва ҳаракатнинг қуролли қаноти раҳбариятини йўқ қилиш мақсадида амалга оширилаётганини билдирмоқда.

Маълумот учун, 2024 йил 27 ноябрда кучга кирган келишувда Ливан армиясининг жанубий чегарага БМТ тинчликпарварлари кўмагида жойлаштирилиши ва “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳларининг Литани дарёси ортига чекиниши кўзда тутилган эди. Бунга жавобан, Исроил жанубий Ливанда олиб бораётган қуруқликдаги операциясини тўхтатиб, ўз қўшинларини 60 кун ичида минтақадан олиб чиқиши керак эди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Наим Қосим Исроил ўз ҳаракатларини давом эттирса, мамлакатга ракеталар ёғдириш билан таҳдид қилганди. Унга кўра, ҳаракат Исроил билан ҳеч қандай янги келишувларга рози бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг