“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Исроилга ракеталар ёғдириш билан таҳдид қилди

Олам

image

Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Наим Қосим Исроил ўз ҳаракатларини давом эттирса, мамлакатга ракеталар ёғдириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у кеча, 5 август куни ОАВга берган баёнотида сўз очди.

Унга кўра, ҳаракат Исроил билан ҳеч қандай янги келишувларга рози бўлмайди. У бунга фақат 2024 йилнинг 27 ноябрида эришилган битимлар тўлиқ бажарилгач, йўл очилиши мумкинлигини айтган. 

“Биз ҳар қандай янги келишувни рад этамиз. Бизга таклиф қилинаётган ҳар қандай вақтли муддатлар – Исроил тажовузига ниқоб бўла олмайди ва биз учун қабул қилинмайди”, деган ҳаракат раҳбари. 

Қосимнинг таъкидлашича, Исроил ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажармаган. У, агар Исроил Ливанга қарши ҳарбий ҳаракатларини кенгайтиришда давом этса, “унга ҳам ракеталар ёғдириш” билан таҳдид қилган.

Бир муддат аввал АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг 30 кун ичида тўлиқ қуролсизланишини таклиф қилган эди. Қосим бу таклиф фақат Исроил манфаатларига хизмат қилишини айтиб, уни рад этган. 

“Ливан ҳукумати учун энг асосий вазифа – миллий суверенитетни тиклашдир. Унга кўра, Исроилга қарши кураш масаласи миллий келишув асосида ҳал қилиниши лозим ва қуролсизланиш масаласи ҳеч қандай вақт чекловларига боғланмаслиги керак”, деган Наим Қосим. 

Маълумот учун, 2024 йил 27 ноябрда кучга кирган келишувда Ливан армиясининг жанубий чегарага БМТ тинчликпарварлари кўмагида жойлаштирилиши ва “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳларининг Литани дарёси ортига чекиниши кўзда тутилган эди. Бунга жавобан, Исроил жанубий Ливанда олиб бораётган қуруқликдаги операциясини тўхтатиб, ўз қўшинларини 60 кун ичида минтақадан олиб чиқиши керак эди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойи охирларида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан фойдаланилган ерости объектига авиазарбалар уюштирганди. Исроил армияси ушбу объект мавжудлиги ва уни тиклаш уринишларини Исроил ва Ливан ўртасидаги келишувларнинг очиқ-ойдин бузилиши деб баҳолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Ҳизбуллоҳ Наим Қосим Том Баррак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг