Исроил Ливан аскарлари билан жангда жиддий қаршиликка учради
Олам
−
12 Октябрь
12334Исроил Ливанда қуруқликдаги операциясини бошлаганидан бери камида 14 аскарини йўқотди ва 100 дан ортиғи яраланди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Исроил яқинда “Ҳизбуллоҳ”нинг деярли бутун раҳбариятини, шу жумладан, узоқ муддат етакчилик қилган Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилган бўлишига қарамай, уларнинг қаршилиги кўпчиликни ҳайратда қолдирмоқда.
Шу билан бирга, “Ҳизбуллоҳ” мунтазам равишда Исроилга ракеталар учиришда давом этмоқда. Исроилнинг ҳаво мудофаа тизимлари уларнинг кўпчилигини тўхтатган бўлса ҳам, баъзилари ўтиб кетяпти. Хусусан, 10 октябрь куни Кирьят Шмона шаҳрига ракета зарбаси оқибатида икки Исроил фуқароси ҳалок бўлган.
Ливан жанубида жанг қилаётган бир нечта Исроил аскарлари “душман” яхши биладиган очиқ, тоғли ҳудудда амалиёт олиб бориш қийин бўлаётганини маълум қилган. Бир аскар октябрдан мартгача ва июль-август ойларида Ғазода хизматда бўлганини ва ҳозирда Ливан жанубида жанг қилаётганини, бу уруш эса Ғазода кўрган урушидан тубдан фарқланишини таъкидлаган.
“Муаммо “Ҳизбуллоҳ”нинг Эрон томонидан яхшироқ жиҳозлангани ёки яхшироқ тайёрланганида эмас. Муаммо шундаки, шаҳар ҳудудларидаги жангдан очиқ ҳудудлардаги жангга мослашиш қийин. Энг оддий манёврлар, жумладан, аскарларнинг сафда ҳаракатланиши ҳам бутунлай бошқача бўлади”, дейди у.
Қоғозда Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” аскарларига қараганда анча кучлироқ. Унинг замонавий ва мураккаб қуроллари, анча кўп аскарлари, кучли разведкаси ва ишончли иттифоқчилари бор. Бироқ, CNN билан суҳбатлашган ҳарбийга кўра, Ливаннинг жанубий тоғларида олиб борилаётган жангларда бу устунликлар кўп нарсани англатмайди, чунки у ҳудудда юқори даражадаги қурол-аслаҳа камроқ аҳамият касб этади.
Хавфсизлик бўйича эксперт Собельман 2006 йилда “Ҳизбуллоҳ” билан бўлган урушда Исроил шунга ўхшаш тажрибани бошдан кечиргани ҳақида сўз юритди.
“Ҳар куни юзлаб Исроил ҳаво ҳужумлари, артиллерия ва замонавий армиянинг барча имкониятларини ишга солганига қарамай, “Ҳизбуллоҳ” мағлубиятга учрамади. Улар омон қолди ва Исроил ҳужумлари пайтида улар ҳар куни қарши томонга юзлаб ракеталар учиришни давом эттирди”, деди у.
Собельманнинг айтишича, 2006 йилдаги муваффақиятсизликдан сўнг Исроил “Ҳизбуллоҳ” билан навбатдаги тўқнашувга деярли йигирма йил тайёргарлик кўрган.
“Тахмин шундай эдики, кейинги уруш “Ҳизбуллоҳ” билан бўлади, ҲАМАС билан эмас. Ҳеч ким 7 октябрдаги каби сценарийни тасаввур қилмаган. Бунинг ўрнига, Исроил охирги бир неча ҳафта давомида кўрганимиз урушга тайёрлаган эди. Хусусан, разведка “Ҳизбуллоҳ” маълумотларини қанчалик чуқур ўрганиб чиққанини кўриш ҳайратланарли”, дейди Собельман.
Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг бир неча юқори мартабали раҳбарларини ўлдириб, оддий аъзоларига катта зарар етказишга муваффақ бўлгани ва тинимсиз ҳаво ҳужумлари тинч аҳоли орасида ҳам қурбонларга олиб келганига қарамасдан, улар Ливан жанубида катта қаршиликка дуч келмоқда.
Чунки, "Ҳизбуллоҳ" ҳам бу урушга тайёргарлик кўрган.
“Исроил бу урушни катта йўқотишларсиз ютади, деган тахмин бор. Аммо партизанлар урушида бу ҳеч қачон амалга ошмайди. Исроил ўзига қараганда бу ҳудудни яхшироқ биладиган ва имкон қадар кўпроқ исроиллик аскарларини йўқ қилишни мақсад қилган душман билан жанг қилмоқда”, дейди Собельман.
Унга кўра, “Ҳизбуллоҳ” аскарлари ерости иншоотларида ўрнашиб олган ва мудофаа тактикасида ҳаракат қилмоқда.
“Сиз уларнинг қанча аскарини ўлдирманг, партизан урушида кучсиз томон давомий йўқотишлар келтириб, охир-оқибат ғалаба қозонади”, дейди у.
Собелманнинг қўшимча қилишича, 2006 йилда ҳам худди шундай бўлган. Исроил ўзининг тўлиқ куч-қудратига қарамай, ҳал қилувчи ғалабага эришмаган.
Исроил ҳарбийларининг Ливанда қандай ҳалок бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган бўлса-да, “Ҳизбуллоҳ” бир неча бор Исроил аскарларини муваффақиятли пистирмага туширгани, улардан бир нечтасини ўлдиргани ва жароҳатлаганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳизбуллоҳ” кучлари Одайсcе қишлоғига киришга уринган Исроил пиёда кучлари билан тўқнашгани ва уларга талафот етказиб, чекинишга мажбур этгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси