Исроил Хоманаийга Саддам Ҳусайннинг тақдирини эслатди (видео)
Олам
−
17 Июнь 7345 2 дақиқа
Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийга Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг тақдирини эслатиб, таҳдид қилди. Бу ҳақда у бугун, 17 июнь куни эрталаб Бош штаб бошлиғи ва қўмондонлар билан бўлиб ўтган йиғилишда сўз очди.
Қайд этилишича, у Бош штаб бошлиғи генерал-лейтенант Эяль Замир, Мудофаа вазирлиги бош директори (захирадаги) генерал-майор Амир Барам, ЦАХАЛ Ҳарбий разведка бошқармаси раҳбари генерал-майор Одед Басюк, Разведка бошқармаси бошлиғи генерал-майор Шломи Биндер, ЦАХАЛ Стратегик қўмондонлиги бошлиғи генерал-майор Эяль Ҳарел, Стратегик қўмондонлик қўмондони генерал-майор Рафи Мило, шунингдек, Ҳарбий ҳаво кучлари, “Моссад”, ШАБАК ва бошқа қўмондонлар билан вазиятга доир баҳолаш йиғилишини ўтказган.
“Мен Эроннинг золим раҳбарини (Хоманаий) уруш жиноятларини содир этишни ва Исроил фуқароларини ўққа тутишни давом эттиришдан огоҳлантираман. У Эрон билан қўшни давлатда (Ироқ) яшаган ва Исроилга қарши шу йўлга кирган диктаторнинг тақдирини эсга олиши лозим… Исроилнинг узун қўли ҳар қандай душманга, у қаерда бўлмасин етиб бораверади”, деди Мудофаа вазири Исроил Кац.
Бу билан у Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг тақдирига шама қилган. Шунингдек, у Теҳрон аҳолисини Исроил армияси вакили кўрсатмаларига амал қилишга ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Исроил зарба бераётган ҳудудларни тарк этишга чақирган.
Маълумот учун, Саддам Ҳусайн (1979-2003 йилларда ҳокимиятда бўлган) Исроилнинг ашаддий душмани эди. Нутқларидан бирида у сионизмни бутунлай “йўқ қилиб юборишга” қодирлигини айтган. 2003 йил апрель ойида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Ироққа бостириб кириб, Саддам Ҳусайн режимини ағдарган. Босқин учун асос сифатида Ироқ етакчиси халқаро терроризмни қўллаб-қувватлагани ва оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаётгани ҳақидаги айбловлар кўрсатилган. Кейинчалик, 1991 йилгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган кимёвий қуроллар снарядлари топилган. Саддам Ҳусайн АҚШ қўшинлари томонидан қўлга олинган ва Ироқ Олий трибунали ҳукми билан 2006 йил 30 декабрь куни қатл этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Американинг ABC News телеканалига берган интервьюсида агар Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилса, бу Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятни кучайтирмаслигини, балки бу можарога барҳам беришини айтган эди.