Исроил қўшинлари Ғазо секторига кирди
Олам
−
28 Октябрь 2023
18277Исроил ҳарбийлари кеча, 27 октябрь куни кечқурун Ғазо сектори шимолига кириб, қуруқликдаги амалиётларини бошлади. Бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни Исроил армияси вакили Даниэль Хагарийга таяниб, “ The Times of Israel” хабар берди.
Хагарийнинг айтишича, Исроил қўшинлари Фаластин анклавида босқичма-босқич жанговар ҳаракатлар олиб бормоқда. Айни вақтда Исроил қуруқлик қўшинлари Ғазо секторида операцияларни давом эттирмоқда.
“Операцияда иштирок этаётган пиёдалар, зирҳли, муҳандислик ва артиллерия кучлари катта ҳаво зарбалари билан қўллаб-қувватланмоқда”, дейди Исроил ҳарбий вакили.
Унинг қўшимча қилишича, Ғазо секторидаги операция ҳудуди кенгайтирилганидан бери Исроил аскарларидан ҳалигача жабрланганлар йўқ.
Шунингдек, Хагарий Исроил қирувчи самолётлари ҲАМАС денгиз кучлари қўмондонига зарба бергани ҳақида гапирган.
“Денгиз кучлари, Ҳарбий-ҳаво кучлари, Амман ва Шин-Бет қўшинлари ўртасида олиб борилган қўшма разведка ишлари натижасида Исроил армияси қирувчи самолётлар ёрдамида Ғазо денгиз флоти бригадаси қўмондони Ратаб Абу Сайбанни йўқ қилди”, деган Исроил армияси воизи.
Хагарийнинг қўшимча қилишича, ЦАХАЛ жуда кенг кўламли оммавий ҳужумларни амалга оширишда давом этмоқда.
“Қўшинлар ҳали ҳам ҳудудда ва урушни давом эттирмоқда. Қўмондонларидан айрилган ҲАМАС ҳаракати билан курашиш осонлашади”, дейди у.
“Al Mayadeen” телеканали эса ҲАМАС баёнотига таяниб, Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқликдаги ҳужуми уч йўналишда ҳам муваффақиятсиз якунлангани ҳақида хабар берган.
Маълумот учун, 28 октябрга ўтар кечаси Ғазо сектори бутун можаро давомида Исроил томонидан энг йирик бомбардимонга учраган. Тунда ҲАМАС ҳаво кучлари бошлиғи, дрон ҳужумлари ва ҳаво мудофааси учун масъул бўлган Асем Абу Рақабега зарба берган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил мудофаа кучлари бир кеча-кундузда ҲАМАСнинг Ғазо сектори шимолидаги 150 та ер ости манзилига зарба берганини маълум қилганди.
LiveБарчаси