Исроил қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган хорижликлар сонини очиқлади. Унда ўзбекистонликлар ҳам бор
Жамият
−
21 Октябрь 2023
7574Исроил ўлдирилган ёки ўғирлаб кетилган хорижий фуқаролар ҳақидаги янгиланган маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида етти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлиб, уч нафари йўқолгани қайд этилган. Бу ҳақда Исроилнинг рус тилидаги “Newsru.co.il” портали ёзмоқда.
Шунингдек, нашр яна бир қатор мамлакатларнинг ҳалок бўлган ёки йўқолган фуқаролари ҳақидаги маълумотларни ҳам очиқлаган. Жумладан, 20 октябрь ҳолатига кўра:
- 32 нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлиб, 8 нафари бедарак кетган;
- 22 нафар франциялик қурбон бўлган;
- 24 нафар Украина фуқароси ҳалок бўлиб, 3 нафари бедарак йўқолган;
- 21 нафар россиялик қурбон бўлгани айтилган.
Ҳалок бўлганлар орасида Канада, Австрия, Венгрия, Ирландия, Италия, Испания, Латвия, Литва, Португалия, Руминия, Чили, Перу, Парагвай, Озарбайжон, Беларусь, Молдова, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Камбоджа, Филиппин, Непал, Жанубий Африка, Судан, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон фуқаролари ҳам бор.
Ушбу жадвалда Исроилдаги қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган ва йўқолганларнинг миқдори келтирилган.
Бироқ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасига фуқаролар ҳалок бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.
Маълумот учун, 15 октябрь ҳолатига кўра, Исроилда 148 нафар хориж фуқароси ҳалок бўлиб, 143 нафари бедарак йўқолганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ТИВ қуролли тўқнашувлар оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани, тўрт нафари бедарак йўқолганини маълум қилганди.
Кейинчалик Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Ғазо секторида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ҳақида расмий баёнот билан чиқиб, қуролли можаролар вақтида Ўзбекистонда туғилган ва 90 йилларда репатриация дастурига мувофиқ Исроилга кўчиб кетган 5 (беш) нафар киши ҳалок бўлганини билдирди. Ҳалок бўлганлар амалдаги Ўзбекистон фуқаролик паспортларига эга эмаслиги аниқланган.
LiveБарчаси