Исроил қирувчи самолёти ўз ҳудудига бомба ташлади
Олам
−
16 Апрель 11035 1 дақиқа
Исроил ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли қирувчи самолёт техник носозлик сабабли Ғазо сектори яқинидаги ўз ҳудудига бомба ташлади. Бу ҳақда Исроил армиясига таяниб, CNN хабар берди.
“Бир муддат олдин Ғазо секторидаги топшириққа йўл олган самолётдан ўқ-дорилардан бири тушиб кетди. Техник носозлик сабабли бомба Нир-Ицхак яқинидаги очиқ майдонга тушган”, дейилади хабарда.
Исроил армиясига кўра, бомба чегара чизиғидан тахминан уч километр узоқликка тушган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Маҳаллий расмийлар бомба деҳқончилик учун фойдаланиладиган ерга тушганини билдирган.
Исроил марказий статистика бюросининг маълумотига кўра, Нир-Ицхак аҳолисининг сони 550 киши атрофида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг Почеон шаҳри яқинидаги ҳарбий машғулотлар пайтида қирувчи самолётлар томонидан ташланган бомбалар тинч аҳоли пунктига тушиб, уйлар ва черковга зарар етказган эди. Геонгги-до Букбу ёнғин хавфсизлиги хизмати баёнотида 15 киши яралангани, улардан икки нафари оғир жароҳатлангани айтилган. Ушбу воқеада KF-16 самолётларидан саккизта 225 килограмли Mk82 бомбаси қўшма жонли ўқ отиш машқлари пайтида ўқ отиш майдончаси ташқарисига тушиб кетган.