Исроил Иордания билан чегарасида девор қуради
Олам
−
04 Сентябрь 2023
4012Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Иордания билан чегарада девор қуриш борасидаги режаларини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзди.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, девор қуриш лойиҳаси Исроилни шарқий чегараларига ноқонуний муҳожирлар кириб келишидан ҳимоя қилади.
“Биз Миср билан жанубий чегарада тўсиқлар қурдик ва ноқонуний муҳожирларнинг Исроилга киришини тўхтатдик. Энди биз Иордания билан шарқий чегарада тўсиқлар яратамиз ва бу ҳудуддан ҳам уларнинг кириб келишини чеклаймиз”, деб ёзган Бош вазир.
Нетаньяхунинг айтишича, Миср билан чегарада девор қурилиши туфайли Африкадан бир миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожирнинг кириб келиши олди олинган.
Маълумот учун, Нетаньяху 2015 йил сентябрида Иордания билан чегарада 30 километрлик девор қурилиши бошланишини эълон қилган. Ўшанда ҳам у мазкур девор "ноқонуний муҳожирлар ва террорчи фаоллар тўлқини"нинг мамлакатни босиб олишига йўл қўймаслигини айтган. Бу эълон ўша пайтдаги мухолифат етакчиси, Исроилнинг амалдаги Президенти Ицхак Герцог суриялик қочқинларни мамлакатга киришга чақирганидан бир кун ўтиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида Эритреядан келган қочқинлар иштирокида юз берган катта тартибсизлик оқибатида 150 дан ортиқ киши жароҳатланганди. Нетаньяху Тель-Авивдаги тартибсизликларни қизил чизиқни кесиб ўтиш деб атаган эди. Унинг таъкидлашича, намойишларда иштирок этганларнинг барчаси зудлик билан депортация қилиниши керак.
LiveБарчаси