Исроил Ғазога араб давлатлари ҳарбийларини киритишни таклиф қилмоқда
Олам
−
30 Март
11349Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант шу ҳафта Вашингтонга ташрифи чоғида Ғазода тартиб ўрнатиш учун араб ҳарбийларидан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилди. Бу ҳақда "Axios" Исроилнинг юқори мартабали расмийларига таяниб, хабар берди.
"Бундай ҳаракат анклавда ҲАМАСга алоқаси бўлмаган бошқарув органини яратади ва Ғазодаги гуманитар вазият ҳақида гап кетганда, Исроилнинг АҚШ билан ўсиб бораётган муаммосини ҳал қилади", деган юқори мартабали Исроил расмийси.
Таклифга кўра, араб кучлари Ғазода ўтиш даврида қолиши ва АҚШ томонидан қурилаётган портни қўриқлаши ҳамда аҳолига жўнатилаётган гуманитар карвонлар хавфсизлиги учун жавобгар бўлиши керак.
Маълум қилинишича, ушбу масала сўнгги ҳафталарда уч араб давлати, жумладан, Миср вакиллари билан ҳам муҳокама қилинган.
“Байден маъмуриятининг ушбу ташаббус юзасидан фикри ҳамда араб давлатларининг таклифга розилигини инобатга олсак, катта эҳтимол билан ҳудудга араб давлатларининг қўшинлари киритилиши мумкин”, дейди порталга Исроил расмийси.